Пахта теримига тайёргарлик ва ўтказиш масаласига доир
Ўзбекистонда кузнинг дастлабки кунларида анъанага кўра барчанинг эътибори қишлоқ хўжалиги мавсумининг асосий мавзуси – пахта теримига қаратилади. Пахта – бизнинг миллий бойлигимиз, энг аҳамиятли аграр экини, тўқимачилик, фармацевтика, ёғ-мой саноати ва иқтисодиётнинг бошқа қатор тармоқларининг фаолияти боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг муҳим хом ашё бўғимидир.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мавсумга йиғим-терим пайтида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, ишчи кучи ортиқча бўлган ҳудудларда тузилган бўлинмалар таркибига ихтиёрий равишда ишсиз ва вақтинча банд бўлмаган аҳоли аҳоли вақилларидан ёлланган теримчилар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини таъминлашга қаратилган катта тайёргарлик ишларини олиб борди. Масалан, Сирдарё вилоятига банд бўлмаган аҳолидан 36 минг, Жиззах вилоятига 30 минг, Қашқадарё вилоятига 10,8 минг кишини жалб қилиш режалаштирилган. Ушбу вилоятларда бутун мамлакатда коронавирус пандемияси шароитида риоя қилинаётган санитария меъёрлари ва гигиена талабларини ҳисобга олган ҳолда теримчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади. Кунига 3 маҳал овқатланиш, теримчилар учун ишдан ташқари вақтларда маданий ҳордиқ чиқариш ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги «2020 йилда пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига биноан пахта териш машиналари билан териб олинган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 920 минг сўм, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм тўланади. Шу билан бирга, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперативларга нархларни юқоридаги нархлардан кам бўлмаган даражада мустақил белгилаш ҳуқуқи берилди. Бундан ташқари, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига Ўзбекистон Республикаси бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланади.
Шунингдек, вақтинча ишсиз фуқаролардан иборат отрядлар раҳбарларига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 миллион сўм миқдоридаги тўловлар кўзда тутилган. Айни вақтда жойларда ушбу отрядлар таркибида пахта йиғим-теримида иштирок этишни истаганлар рўйхатлари шакллантирилмоқда. Улар билан тузилаётган шартномаларда ўзаро ҳуқуқ ва, шу жумладан, теримчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни назарда тутадиган мажбуриятлар ҳам ўрин олган. Шу билан бирга, мавсумий ишга ёлланилаетган пахтакорларга 500 минг сўмдан бир марталик «кўтарма» пуллари ажратилиши тўғрисидаги яқинда овоза қилинган маълумотлар ҳақиқатга мос келмайди. Қарорда теримчилар меҳнатини рағбатлантириш ва мукофотлашнинг бошқа шакллари тасдиқланган.
Тузилаётган гуруҳ (отряд)лар таркибида пахта хомашёсини териб олишда иштирок этишни истаган юртдошларимиз пахта йиғим-терими пайтида махсус очилган www.terim.uz сайтида рўйхатдан ўтишлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жойлардаги ҳудудий бўлинмаларига мурожаат этишлари ёки вазирликнинг (71) – 200-06-00 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги
Матбуот хизмати