“Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳаси ишга туширилмоқда

10.05.2019

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича белгиланган Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли бандлиги масаласи муҳим ижтимоий тармоқлардан бири сифатида қайд этилиб, унда, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш алоҳида таъкидланган.

Мазкур вазифани самарали амалга ошириш ҳамда шу орқали ёшларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳасини ишга туширмоқда.

2019-2021 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа уч асосий йўналишда амалга оширилади:

  1. Меҳнат бозоридаги фаол сиёсат орқали ёшлар бандлигига кўмаклашиш ва қўллаб қувватлаш.
  2. Ёшлар тадбиркорлиги ва бизнес-стартапларини ривожлантириш.
  3. Ёшлар бандлигига кўмаклашишда кўрсатиладиган хизматлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги имкониятларини кенгайтириш.

Лойиҳа орқали келгусида янада сифатли механизмлар асосида ташкил этиладиган бўш иш ўринлари ярмаркасига ёшларни кенгроқ жалб қилиш, вакансиялар ва ишга қабул қилиш ҳақидаги эълонлар жойлаштириладиган ва ёшлар томонидан фаол қўлланиладиган замонавий мобил иловани ишлаб чиқиш, касбий ривожлантириш марказларида ўқийдиган ёшлар сонини ошириш, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган стартапларни қўллаб-қувватлаш ва юзага чиқариш, халқаро стандартларга мувофиқ ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражасини белгилаш бўйича методология ва тавсияларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.    

2019 йилнинг 13 май куни “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтади. Маросимни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, БМТ бош котиби ёрдамчиси, БМТ ТД  Европа ва МДҲ давлатлари ҳудудий бюроси директори Мирьяна Эггер, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев очиб беради ва лойиҳа тақдимоти ўтказилади.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари, БМТ агентликлари, Россия Федерацияси Элчихонаси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.