ЎЗБЕКИСТОНДА ИШСИЗЛИК ДАРАЖАСИ 9,6 ФОИЗНИ ТАШКИЛ ЭТДИ
Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январь ҳолатида ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга камайган бўлса, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 0,2 фоизга ортди.
2021 йилнинг декабрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари томонидан республикамизнинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Тадқиқот давомида 500 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 5,0 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26,5 минг нафар фуқаролар қамраб олинди.
2022 йилнинг 1 январь ҳолатида меҳнат ресурслари сони 19 345,0 минг кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 101,1 фоизга ёки 202,6 минг кишига ошган. Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 538,9 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 фоизга (299,3 минг кишига) ошган.
2022 йилнинг 1 январь ҳолатида расмий секторда банд аҳоли сони 6 196,3 минг кишини ташкил қилиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан юридик шахсларда банд бўлганлар сони 6,3 фоизга ёки 314,8 минг кишига ошгани кузатилди.
Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 885,5 минг кишини ташкил этиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига нисбатан 1,0 фоиз ёки 58,4 минг кишига камайган. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 441,8 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,6 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси - 15,1 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса - 13,3 фоиз бўлди.
2022 йилнинг 1 январь ҳолатида республикамизда иқтисодий нофаол аҳоли 4 364,2 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 фоизга ёки 19,8 минг кишига ортиши кузатилди.
2021 йилнинг январь-декабрь ойларида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 879,5 минг нафар фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат қилган фуқароларнинг 393,8 минг нафари иш билан таъминланди, (2021 йилда 281,3 минг ишсиз аҳолини ишга жойлаштириш белгиланган бўлиб), йиллик дастур 140,0 фоизга бажарилди (шунингдек 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 108,5 фоизга ошди).
Ишга жойлашишга кўмаклашилган шахсларнинг 203,6 минг нафари (51,7 %) аёллар, 160,8 минг нафари (40,8 %) ёшларни ташкил этади. Мурожаат қилган фуқароларнинг 234,2 минг банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ва уларнинг иш ҳақи учун 240,2 млрд.сўм маблағ тўлаб берилди. Жумладан: 190,6 минг нафар ишсизлар туман (шаҳар) аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш ишларига, 14,3 минг қишлоқ хўжалиги ишларига, 10,8 минг бюджет корхоналарига (маҳаллаларда жамоатчи ёрдамчи ва ёшлар иттифоқига ёрдамчи ишчи сифатида) ва 18,5 минг бошқа йўналишларда ташкил этилган жамоат ишларига жалб этилди.
Бундан ташқари, 98,8 минг нафар ишсизларга 87,1 млрд.сўм ишсизлик нафақаси тайинланди ва тўлаб берилди. 2021 йил давомида 37,3 минг ишсизлар ҳамда “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган ишсизларга 83,1 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Жумладан:
- тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш, асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик бадали харажатларини қоплаш учун 6 781 нафар фуқароларга 4,8 млрд.сўм;
- шахсий ва дала томорқасида иссиқхона, экишга уруғлар ва кўчатлар ҳамда суғориш воситаларини ҳарид қилиш учун 18 608 та оилаларга 52,7 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди.
228 та ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилиб, уларга 9,9 минг нафар ишсизлар бириктирилди ва уларнинг аъзолик улуши сифатида 21,8 млрд.сўм субсидиялар ажратилди.
2021 йилда жами 506,2 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди ёки прогнозга нисбатан 110,7 фоизга бажарилган (ўтган йилга нисбатан 118,3 %га ўсди,
78,4 мингтага кўп). Шу жумладан,
- тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 124 та лойиҳада жами 19,9 та;
- ҳудудий инвестиция дастурига киритилган 19,3 мингта лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 218,1 мингта (105,8%) янги иш ўрни ташкил этилган.
- Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига 8 875 та доимий иш ўрни яратилган.
- янги рўйхатдан ўтган қарийиб 74,4 мингта кичик корхона ва микрофирмаларда 148,9 мингта янги иш ўринлари ташкил этилган.
- Якка тартибдаги тадбиркорларни фаолиятини йўлга қўйиш орқали 110,8 минг нафар аҳоли банд этилди.
Меҳнат бозоридаги талаблар асосида касбий билимларга ўқитиш вазирликнинг устувор вазифасига айланди. Вазирлик тасарруфида 16 та “Ишга марҳамат” банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Мономарказ”, 59 та туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 136 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолияти йўлга қўйилди.
Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 54 турдаги касблар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тиллар бўйича 2021 йилда 115,4 минг нафар ишсизлар касб-ҳунарга ўқишга жалб этилди.
Касб-ҳунарга ўқишга жалб этилганларнинг асосий қисми хотин-қизлар (68,4 фоиз), ёшлар (54,4 фоиз) улушига тўғри келди.
Касб-ҳунарга ўқитишга жалб этилганларнинг 69,9 минг нафари (60,6%) саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида, 23 минг нафари (19,9%) қурилиш, 2,4 минг нафари (2,1%) агротехнологиялар, 9,2 минг нафари (8,0%) “IT” соҳаси касблари ва 10,9 минг нафари (9,4%) “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунармандчилик касбларига йўналтирилди.