ЎЗБЕКИСТОНДА ИШСИЗЛИК ДАРАЖАСИ 13,2 ФОИЗДАН 11,1 ФОИЗГА ТУШДИ

14.11.2020

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 2,1 фоизга камайди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республикамизнинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Тадқиқот давомида 490 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26,0 минг нафар фуқаролар қамраб олинди.  

2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 19 121,3 минг кишини ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 100,7 фоизга ёки 135,5 минг кишига ошган.

Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 205,2 минг кишини ташкил этиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан  
3,7 фоизга (468,5 минг кишига) ошган.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида расмий секторда банд аҳоли сони 5 673,8 минг кишини ташкил қилиб, жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 1,7 фоизга ёки 92,6 минг кишига ошди.

Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 618,8 минг кишини ташкил этиб, жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 9,9 фоиз ёки
504,2 минг кишига ортган. Бу асосан республикадан ташқарига ишлаш учун чиқадиган меҳнат мигрантларининг ички меҳнат бозорига қайтиб келиши ҳамда мавсумий ишлар қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг ортиши эвазига юзага келган.  

Республикадан ташқарига ишга кетганлар сони 1 912,6 минг кишини ташкил этган, бу жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан
128,3 минг кишига ёки 6,3 фоизга камайган.

Ўтказилган тадқиқот натижалари кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 642,5 минг кишини ташкил этди. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 11,1 фоизни ташкил этганлигини кўрсатди.
16-30 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси - 17,1 фоиз, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси эса - 14,7 фоиз бўлди.

Жорий йил январь-сентябрь ойларида республикамизда иқтисодий нофаол аҳоли 4 273,6 минг кишини ташкил этиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 3 фоизга ёки 130,3 минг кишига камайган.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида туман(шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган 910 201 нафар фуқарога хизмат кўрсатилди.

Мурожаат қилган фуқароларнинг 243 946 нафари иш билан таъминланди, 500 449 киши жамоат ишларига жалб қилинди, 25 384 нафар ишсизлар касбга ўқитилди, 45 036 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди, 38 002 кишига меҳнат муносабатлари бўйича консультациялар берилди.

Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига 30 827 нафар оила шахсий томорқаларда,
19 174 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларида банд қилинди, 7 383 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб этилди.