Ўзбекистон – Россия: меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда танлаш ва жалб қилиш бўйича Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасидаги келишувни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган учрашувда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Россия Федерацияси меҳнат ва бандлик федерал хизмати, Россия Федерацияси меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш вазирликлари, Россия Халқлар дўстлиги университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Ишчи гуруҳи йиғилишида Ҳукуматлараро келишувнинг амалга ошириш жараёни, хусусан, пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда Россия Федерацияси иқтисодиётининг турли тармоқларига ишга жалб қилиш, фуқароларни рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича ўқитиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент расмийлаштириш учун талаб этиладиган тиббий кўрик хизматларини Ўзбекистонда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.