Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди
Қонун лойиҳасида қуйидаги масалалар назарда тутилмоқда:
ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатларида назарда тутилган масалалар уларга халқаро ҳужжатлардаги нормалар сингдирилган ҳолда қонун даражасида акс эттирилмоқда;
халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид айрим нормалар, жумладан, ташқи меҳнат миграциясининг ихтиёрийлиги ва эркинлиги, меҳнат мигрантларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб камситишга ва мажбурий меҳнатга жалб қилишга, шунингдек меҳнат мигрантларининг соғлиғига зиён етказувчи шароитларда ишлаш учун жалб қилишга йўл қўймаслик каби бир қатор ҳуқуқлари мазкур лойиҳа асосида миллий қонунчиликка имплементация қилинмоқда;
фуқароларнинг хориждаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш, уларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, уюшган ҳолда ишга жойлаштириладиган фуқароларга бериладиган ижтимоий кафолатлар ҳамда чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари ягона ҳужжатда жамланган ҳолда тўлиқ ёритиб берилмоқда.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида:
биринчи, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатлари қонун даражасида мустаҳкамланади, шунингдек, халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинади;
иккинчи, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш ва чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб қилиш тартиби ягона қонунда тизимлаштирилган ҳолда жамланади;
учинчи, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилади, шунингдек, ушбу соҳада қўлланилиб келинаётган тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилади;
тўртинчи, соҳани тартибга солишда иштирок этадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ваколатлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки доираси белгилаб берилади;
бешинчи, уюшган ҳолда ишга жойлаштириладиган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларнинг реинтеграция қилиш тартиби тизимлаштирилади.
Лойиҳани ишлаб чиқиш жарёнида 2 та конвенция ва 10 га яқин хорижий давлатлар, жумладан, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Беларуссия, Молдованинг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчилиги таҳлил қилинди.