ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИНИНГ МАСЛАҲАТЧИСИ М.ХАЙРИДДИНОВ, БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ Э.МУҲИТДИНОВ ВА РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗДАГИ ЭЛЧИСИ В.ТЮРДЕНЕВ ИШТИРОКИДА УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Жорий йил 10 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов ва Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги элчиси В.Тюрденев иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашувда коронавирус пандемияси пайтида Ўзбекистон фуқароларини Россияда ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш масаласи, Ўзбекистон ва Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан ишлаб чиқилаётган миграция соҳасидаги шартномалар лойиҳаларининг бугунги кундаги ҳолати муҳокама қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, карантин чекловлари сабабли чет элга ишлаш учун кетолмаган фуқароларни Россия Федерациясидаги йирик қурилиш объектлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга жалб қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 17 августда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши, шунингдек, 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда юбориш, уларни касб-ҳунар ва рус тилига ўқитишни ташкил этиш, ушбу давлатдаги меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бериш ва бошқа вазифалар белгилаб берилган.
Юқоридаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари жорий йилнинг сентябрь ойида Россияда бўлиб, ушбу мамлакатнинг турли вазирлик ва идоралари билан музокаралар ўтказиб, аниқ келишувларга эришилган эди.
Учрашувда икки мамлакат миграция соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон томони фуқароларни Россияга ишга жойлаштириш масаласида Россия ҳукуматидан рухсат олиш бўйича бир нечта таклифлар берди. Берилган таклифларни Россия томони муҳокама қилиб, натижаси бўйича маълум қилинишини таъкидлади.
Музокаралар якунида томонлар пандемия даврида Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда Россияда ишга жалб қилиш, хусусан, мамлакат ҳудудига киришга ва ишлаш учун рухсат олиш, меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш, карантинда бўлиш каби жараёнларни соддалаштириш юзасидан қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Айни пайтда учрашувда билдирилган барча фикрлар бўйича Россия томонидан таклифлар олиниши кутилмоқда.