Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Альянс 8.7 халқаро ташкилотининг аъзосига айланди

06.12.2021

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Альянс 8.7 халқаро ташкилотининг аъзосига айланди

Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази қўллаб-қувватлови билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Альянс 8.7” халқаро ташкилотига ҳамкор мақомида аъзо бўлди.

“Альянс 8.7” – бу БМТнинг 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш мақсадларидаги 8.7 топшириғига мувофиқ, барқарор иқтисодий ўсишни ривожлантириш ҳамда тўлиқ бандлик ва муносиб меҳнат масалалари бўйича глобал ҳамкорликка қаратилган халқаро платформа ҳисобланади. Бугунги кунда Альянс котибияти Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан бошқариб келинмоқда.

“Альянс 8.7” фаолияти инклюзивлик тамойилига асосланади ҳамда ҳукумат, ишчи ва иш берувчилар ташкилотлари, БМТ идоралари, хусусий секторлар, шунингдек, илмий доира ва фуқаролик жамиятларининг иштирок этишини назарда тутади.Ҳамкор сифатида Альянсда қатнашиш 8.7 топшириғини бажаришга қаратилган дастурларни фаол жорий қилиш мажбурияти, шу билан бирга, халқаро стандартларга, жумладан, меҳнат ва бандлик соҳасидаги мезонларга риоя қилишни талаб этади.  Бугунги кунга келиб, халқаро ташкилотлар (МХТ, ЕХҲТ, БМТ ТД, ЮНИСЕФ ва б.қ.), академик тузилмалар (Стенфорд университети, Ноттингем университети ва б.қ.), давлат бошқарув институтлари (АҚШ меҳнат департаменти, Германия меҳнат ва ижтимоий масалалар вазирлиги, Буюк Британия меҳнат ва пенсия вазирлиги ва б.қ.), ишчи ва иш берувчиларнинг вакиллик органлари (Халқаро иш берувчилар ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конгресси) билан қўшган ҳолда бутун дунё бўйича 242 та ташкилот Альянс 8.7 нинг ҳамкорлари ҳисобланади.

“Альянс 8.7” ҳамкорига айлангач, Вазирлик ишлаб чиқариш ва сотиш занжирлари, миграция, қонун устуворлиги сингари ҳаракатдаги гуруҳ (action groups) ташкилотларига қўшилади. Ҳаракатдаги гуруҳларда иштирок этиш орқали Вазирлик кўрсатилган йўналишлар бўйича ўтказиладиган тадқиқот натижаларини мувофиқлаштириши, кечиктириб бўлмайдиган масалаларни амалга ошириш юзасидан бошқа аъзо ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Альянс 8.7”га қўшилиши қуйидагиларга имкон беради:

  • болалар ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини, ушбу соҳадаги турли ташкилот ва халқаро индексларда Ўзбекистон нуфузи ва ўрнини янада ошириш;
  • муносиб меҳнат соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатларнинг ваколатли органлари билан тўғридан тўғри муносабат юритишни кенгайтириш, меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини янада яхшилаш;
  • меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш соҳасидаги ташкилотлар билан ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, шунингдек, меҳнат миграциясига оид қонунчиликка халқаро стандартларни жорий этиш;
  • одам савдосига қарши курашиш, мажбурий меҳнат ва меҳнат миграцияси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун зарурий ресурслар ҳамда малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг “Альянс 8.7”га ҳамкор сифатида номзоди Глобал координацион гуруҳнинг навбатдаги кенгашида бир овоздан маъқулланди.