Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис Конференцияси ПРЕСС-РЕЛИЗИ
ПРЕСС-РЕЛИЗИ
2024 йил 16-17 январ кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис Конференцияси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Маҳалла институтининг мақоми Ўзбекистон Конституцияси даражасида мустаҳкамланди. Маҳалла тизими ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғинига айланди. Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “оилабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалиётга татбиқ этилди.
Охирги етти йилда тизимни такомиллаштиришга доир 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара берди. Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.
Маҳалла чинакам халқ манфаатини кўзлайдиган, аҳоли муаммоларини мустақил ҳал эта оладиган, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга қодир етакчи фуқаролик жамияти институтига айланди. Маҳалланинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-209-сонли Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-402-сон Қарори билан маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу фармон ва қарор асосида Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди.
Ҳар бир фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” шакллантирилиб, уларнинг аниқ вазифалари, биргаликда амалга оширадиган ишлари кўрсатиб ўтилди. Маҳалла ходимлари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) бўйича алоҳида баҳолаш тартиби жорий этилмоқда ва маҳалла раислари энди 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга. Барча маҳаллаларда “Маҳалла бюджети” тизими йўлга қўйилди.
Энг муҳими, маҳалланинг аҳолига ижтимоий кўмак бериш борасидаги ваколати кучайтирилди. Эндиликда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш “маҳалла еттилиги”нинг биргаликдаги қарори асосида амалга оширилади. Қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар билан “еттилик” аъзоларини тайинлашда маҳаллада яшайдиган номзодларга устунлик берилади. Маҳалла раисининг маълумоти ва малакаси бўйича талаблар белгиланиб, уларнинг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йилга узайтириш кўзда тутилмоқда.
Жорий йил 11 январда туман (шаҳар)ларда маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг ташкилий йиғилишлари ўтказилиб, унда республикамиздаги барча 9 442 та фуқаролар йиғинлари раислари, 12 январда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг йиғилишларида туман (шаҳар)лардан делегат этиб сайланган 1 418 нафар раислар иштирок этди. Улар орасидан 140 нафар фуқаролар йиғинлари раислари таъсис Конференциясида иштирок этиш учун делегат сифатида сайланди.
16 январ куни пойтахтимизда ҳудудлардан ташриф буюрган таъсис Конференцияси делегатлари кутиб олинди. Кун тартибига кўра, дастлаб улар учун Ўзбек Миллий драма театрида спектакл намойиш этилди. Шундан сўнг делегатлар Мирзо Улуғбек туманидаги “Катта Қорасув” ва Шайхонтоҳур туманидаги “Сархумдон” маҳаллаларига ташриф буюриб, ушбу йиғинлар фаолияти билан яқиндан танишди.
17 январ куни Конференция иштирокчилари Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, “Мустақиллик ва эзгулик” монументи пойига гул қўйишди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис Конференцияси ўтказилди.
Таъсис Конференцияда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасини тузиш ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, уюшма Устави ва Рамзини, ҳудудий бўлинмаларининг Намунавий низомларини тасдиқлаш, уюшмасининг Назорат-тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлаш, шунингдек уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳалла фаоллари олдида турган устувор вазифалар тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан делегатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Унда маҳалла тизимидаги ўзгаришлар, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва обрўсини ошириш борасидаги ташаббуслар, “маҳалла еттилиги”нинг фаолият йўналишлари хусусида сўз борди. Президент фармон ва қарорида белгиланган устувор вазифалар бирма-бир таҳлил қилинди. Делегатлар маҳалла тизимини такомиллаштиришга оид таклифлари ва ташаббусларини билдирди.
Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Делегатлар Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасининг раиси лавозимига ______________________________________ номзодини бир овоздан маъқуллашди.
Конференция иштирокчилари номидан маҳаллалар фаолларига Мурожаат қабул қилинди.