Ўзбекистон Гендер Комиссиясининг давра суҳбати бўлиб ўтди

03.03.2021

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган “Aёллар етакчи лавозимларда: CОВИД-19 пандемияси шароитида тенг ҳуқуқли келажакка эришиш” мавзусидаги оффлайн ва онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Гендер комиссияси, халқаро ташкилотлар, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, Нодавлат ва нотижорат ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида дастлаб Олий Мажлис Сенати раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Нарбаева маъруза қилди ва мамлакатимизда хотин-қизлар масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлиги, хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, тиббий йўналишларда ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинаётганлиги, раҳбарлик лавозимларида аёллар ўрни ва салмоғи ортиб бораётганлиги масалаларига батафсил тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Гендер ва иқтисодий инклюзивлик департаменти директори Барбара Рамбоусек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрайзер, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мантованелли мавзуга доир маърузалари билан қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича Меморандум имзоланди.

Шунингдек, суҳбат давомида “Турли соҳада етакчи хотин-қизларнинг муваффақиятлари” мавзусида қатнашчилар ўз маърузалари билан иштирок этди.