“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида муҳим йўналишлар белгиланди

12.09.2023

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида муҳим йўналишлар белгиланди

Фармонига мувофиқ “Ўзбекистон – 2030” стратегияси  тасдиқланди ва бу бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2023-йил 1-октябрдан бошлаб оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бунда, ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2024-йил 1-январдан бошлаб оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб берилади.

2024-йил 1-январдан бошлаб:

– босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Бунда, туман ва шаҳар бюджетларига тушадиган солиқ тушумларининг бир қисми маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш жамғармаларига йўналтирилади;
– Ташаббусли бюджет амалиётини ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш учун Давлат бюджетидан 10 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун камида 4 триллион сўм йўналтирилади;
– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия берилади;
– “Изланиш ва ривожланиш” марказлари ташкил этилган кундан бошлаб 3 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган сумма миқдорининг 1 фоизини тўлаш, уларнинг ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида ҳисоблаш тартиби жорий қилинади.

Маълумот учун: Стратегияга кўра, 2023-йилда мамлакатимизда 415 минг аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда ишсизлик даражасини 8,5 фоизгача тушириш мақсад қилинган.