ОТМ талабаларининг ҳақ тўланадиган малака амалиёти тартиби белгиланди

10.01.2024

Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 8-январ санасида “Олий таълим ташкилотлари талабаларининг ҳақ тўланадиган малака амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги 11-сон қарори тасдиқланди.

Унга кўра, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини жорий этиш мақсадида талабалар ўртасида ҳар йили бир маротаба танлов ташкил этилади.
Қарорда кадрлар буюртмачилари бўлган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари 2024-2025-ўқув йилидан бошлаб, эҳтиёжидан келиб чиқиб, талабаларнинг таълим йўналишига мувофиқ ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётига шартнома асосида жалб этади.
Амалиётини ўташ даврида талабаларга амалиётчи мақоми берилиб, мавжуд бўш иш ўринлари ҳисобига вақтинча иш билан таъминланади.
Амалиётни ўташ даврида улар ташкилот ички имкониятларидан келиб чиқиб, етарли шарт-шароитлар, яшаши учун вақтинча турар жой билан таъминланади. Қабул қилувчи ташкилотдан тайинланган амалиёт раҳбари ҳамда амалиётчи талаба меҳнат қонунчилигига мувофиқ моддий рағбатлантирилиши мумкин.
Амалиётини намунали ўтаган талабалар ўқишни тамомлаганидан сўнг, ушбу ташкилотда иш билан таъминланади.
Маълумот учун: танлов шартига кўра, талаба битирувчи бўлиши, мутахассислиги корхонасидаги фаолиятига мос келиши ва Ўзбекистон фуқароси бўлиши керак.
Амалиёт ўқув режага кўра,1 ойдан 3 ойгача муддатда амалга оширилиб, ғолибнинг харажатлари Махсус комиссия қароридан сўнг 15 кун ичида қопланади. Бунда талабага БҲМнинг 2 баравари миқдорида иш ҳақи ва унга ҳисобланган ижтимоий солиқ тегишли ҳисобрақамига ўтказилади.