Орзу сари сукунат узра

15.12.2021

Кўринган тоғнинг йироғи йўқ дейдилар. Буни қаранг-ки, ушбу мақолга амал қилиб яшаш учун доим ҳам тил-забон ёки тинглаш қобилияти шарт эмас экан.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи Махмуда опа Зиятова туғилганидан бери эшитиш ва гапириш қобилиятидан мосуво. Шунга қарамай, икки йилдирки у ҳовли-жойидан аввал кичик, ҳозир эса каттароқ тикув устахонасини очиб, маҳалладаги қиз ва аёлларга тикиш-бичишдан сабоқ бериб келяпти. Бунда Махмуда опага қизлари Зарина ва Зарифалар ёрдам бермоқда.

“Фаолиятимизни бошланганига унчалик кўп бўлмаса-да, турли ҳил маҳсулотларни чиқаришга улгурдик – тўй либослари, замонавий пардалар, болалар кийимлари, ётоқ учун чойшаблар, маҳаллий бозор учун футболкалар, пахта териш сумкалари ва бошқа буюртмаларимиз кўп”, – дейди Махмуда опанинг кичик қизлари Зарифа.

Аввалги ва ҳозирги воқеаларни айтиб берар экан, Махмуда опа шундай дейдилар:

“Корхонанинг очилиши карантин бошланишига тўғри келгани учун анча-мунча қийинчиликларга дуч келиб, ҳаттоки икки ой ишсиз қолдик. Карантин даврида бошқаларга ҳам осон бўлмади. Маҳалладаги қўни-қўшниларимизга нима ёрдамимиз тегиши мумкин деб, ўйлаб кўрдик. Шунда қўлбола ниқоб тикишни бошладик. Сўнг маҳалламиздаги ҳар бир оилага ниқобларни бепул тарқатдик”.

Ёшлигини эслаб Махмуда опа давом эттирдилар:

“Болалик уйимда кичик тикув машинкаси бўларди, интернатда ҳам тикишни ўргатишган, уша пайтлар тикишга қизиқишни бошлагандим. Дадамлар тикув комбинатида ҳайдовчи бўлиб ишлардилар, мени ўша корхонага обориб, раҳбарларига ишга олинг деб илтимос қилдилар. У киши майли, қадоқловчи қилиб оламиз деди. Шунда мен “Йўқ, мен тикаман деб айтдим”. Раҳбар шунда дадамга “қизингиз гапиришни билмаса, эшитолмаса, ишла олмайди”, деб этди. Мен тикув машинкасига ўтириб, шижоат билан тика бошладим, бу иш қўлимдан келишини, тикишни яхши билишимни кўрсатдим. Мени ишга олишди”.

Оиланинг катта қизи Зарина БМТТД ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” қўшма дастури доирасидаги Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ташаббусининг танлови ҳақида ижтимоий тармоқлардан хабар топди. Оила аъзолари билан маслаҳатлашиб шу дастурда қатнашишга қарор қилишган. Махмуда опанинг лойиҳаси танловда ғолиб деб топилиб, уларга 4-ҳафталик тренинг ўқув дарсларида иштирок этиш имконияти ҳамда грант сифатида ишлаб чиқариш ускуналари берилди.

Устахонада тикувчиликдан ташқари бошқа йўналишлар ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ва аёллар, Маҳмуда опа сингари имконияти чекланган қизлар ҳам текин билим олади.

Суҳбатимиз якунида Махмуда опа ўз режалари билан ҳам бўлишдилар: “Ҳозир тикув марказимизда грант сифатида берилган жами 10 та асбоб-ускуна бор (тикув машиналари, оверлок, компьютер, принтер, проектор). Ҳозиргача 30 та шогирд чиқардик, уларнинг аксарияти шу ерда иш амалиётини ўтаяпти. Яқин кунларда маҳалламиздаги қизларни ўқитиб бўлиб, қўшни маҳалла ва туманлардаги тажриба ва касб-ҳунарга муҳтож бўлган ёшларга ўз билимизни улашишни режалаштирганмиз”.

Махмуда опанинг иштиёқи ва энергияси, хаётий тажрибаси ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Имконияти чекланганларнинг жамиятга киришиши, барқарор ривожланиш йўлидаги муҳим шартидир. Шунингдек, бу 2030 йилгача Барқарор ривожланиш учун асосий мақсадларидан бири.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда 1 миллиардга яқин одамлар, ёки аҳолининг 15 фоизи, ногиронликнинг у ёки бу шаклига эга. 2020 йилда Ўзбекистонда 781,3 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс расман рўйхатга олинган. Аммо уларнинг атиги 2 фоизга яқини расман иш билан банд.

БМТТД кўп йиллар давомида инклюзив ғояларни илгари суриб келмоқда. Масалан, лойиҳаларда қўлланиладиган Инклюзив бизнес-моделлар (инcлусиве бусинесс моделс) концепцияси кам таъминланганларни қиймат занжирининг турли босқичларида, талаб жиҳатидан – истеъмолчи, мижоз ёки харидор сифатида, таклиф жиҳатидан – ходим, ишлаб чиқарувчи ва тадбиркор сифатида иштирок этишини тақазо қилади. [БМТ ҳисоботи 2010].

Маълумот учун:

“Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳаси БМТТД ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қўшма лойиҳаси бўлиб, Россия Федерацияси ҳукумати ва Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Андижон, Наманган, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги 34 нафар тадбиркорларга умумий қиймати 1 176 940 669 сўмлик жами 323 дона тикув ва ИТ асбоб-ускуна, мебел ва жихозлар топширилди.

Бехзод Умаров,

“Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳасининг

                                                                                     жамоатчилик билан ишлаш бўйича ассистенти