Мажбурий меҳнатни олдини олиш ва адолатли ишга ёллаш бўйича онлайн ўқув-семинарлар ташкил этилди

19.08.2020

Фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерларининг мажбурий меҳнат  ҳамда пахта йиғим терими даврида мавсумий ишчиларни ишга ёллаш тартиби тўғрисида хабардорлигини ошириш мақсадида Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссиясининг 2020 йил 17 июндаги йиғилишида тасдиқланган Йўл харитасига мувофиқ, республиканинг барча ҳудудларида мажбурий меҳнатни олдини олиш ҳамда мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш мавзусида онлайн ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ҳокимият масъуллари томонидан Иш берувчилар конфедерацияси, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси вакиллари, фуқаролик жамиятининг фаоллари, вилоятлар фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластери раҳбарлари ҳамда иш берувчилар иштирокида ўтказилган онлайн-ўқув семинарларда, мажбурий меҳнат тушунчасининг мазмун-моҳияти, пахта йиғим терими даврида мавсумий ишчиларни ишга қабул қилиш тартиби бўйича керакли маълумотлар кўргазмали тақдимотлар асосида тушунтирилди.

Карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказилган вебинар-семинарларда мавзуга оид фикр-мулоҳазалар алмашиниб, қатнашчиларга мажбурий меҳнат тўғрисидаги қўлланма ҳамда флаерлар тарқатилди.

Шу билан бирга, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда жиноят судидан таклиф этилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари мажбурий меҳнат бўйича жавобгарлик чоралари тўғрисида тадбир иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Республика бўйлаб бу тадбирларда иштирок этганлар сони 2 100 дан ортиқни ташкил этди. Жумладан, 120 – пахта кластерлар вакиллари, 528 – фермер xўжаликлар вакиллари, 318 – меҳнат инспекцияси ходимлари, 71 – фуқаролик жамияти институтлари ва фаоллари, 104 – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари, 77 – Савдо-саноат палатаси вакиллари, 153 – адлия органлари ходимлари, 242 – маҳалла қўмиталари вакиллари ва бошқалар.

Шунингдек, республиканинг барча ҳудудларидаги аҳоли гавжум жойларда мажбурий меҳнатни олдини олиш борасида Ҳалқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 800 дан ортиқ баннерлар ўрнатилмоқда, 300 мингдан ортиқ флаерлар эса фуқароларга, 20 мингдан зиёд махсус тайёрланган услубий-қўлланмалар маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда иш берувчиларга тарқатилди.

 Слайд1