Ўн минг фуқарони Россияга ишга жўнатиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди

12.10.2021

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов ҳамда Россия Федерацияси қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазири ўринбосари Н.Стасишин ва Меҳнат ва бандлик федерал хизмати (Роструд) раҳбари М.Иванков бошчилигидаги Ички ишлар вазирлиги “Паспорт-виза хизмати”, Тиббий-биологик федерал агентлиги ва бошқа ваколатли ташкилотлар вакиллари ўртасида Москва шаҳрида музокаралар ўтказилди.

Музокараларда қурилиш соҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 10 минг фуқарони Россия Федерациясига ташкилий тарзда ишга жўнатиш лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки натижалари муҳокама қилинди. Хусусан, Россия томони талаби бўйича ҳозирги вақтда номзод рўйхати шакллантирилётгани маълум қилиниб, лойиҳани амалга ошириш жараёнида томонларнинг вазифалари, уларни бажариш муддатлари, иш берувчи ва меҳнат мигрантлари ўртасида тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, транспорт, патент расмийлаштириш каби харажатлар билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш, иш ҳақи миқдори каби масалалар юзасидан келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа доирасида фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш учун тиббий асбоб-ускуналар билан Россиянинг 40 нафар тиббиёт ходимлари Ўзбекистонга етиб келгани, эндиликда патент олишда талаб этиладиган тиббий кўрик мамлакатимиз ҳудудида амалга оширилиши маълум қилинган эди.