Олтиариқ ва Риштон туманларида соҳада олиб борилаётган ишлар ўрганилди

29.05.2020

Жорий йилнинг 27–28 май кунлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Риштон туманларида аҳолининг бандлигини ва даромадларини ошириш юзасидан олиб борилаётган ишларни ўрганди.

Айни каратин ва чекловлар шароитида вақтинча ишсиз аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда вазирлик ҳузуридаги жамғармалар маблағи ҳисобидан ишсизларни жамоат ишларига жалб этишни яна ҳам кенгайтириш, янги иш ўрни яратиш ва пировардида аҳоли бандлигини ошириш масалалари ҳам кун тартибида бўлди.

Олтиариқ туманида "Чимён агрологистика" ишлаб чиқариш кооперативини ташкил этиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 111,5 млн. сўм ажратилиб, айни кунда 50 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланган, шунингдек, бу кооператив таркибида иссиқхона ҳам қурилган.

Риштон 3 

Риштон

Бундан ташқари, туманда “Дамир Олтиариқ Агро Инвест” ишлаб чиқариш коорперативи ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромад манбаларига эга бўлишида хизмат қилмоқда. Риштон туманида эса "S+Garon" МЧЖдаги кулолчилик комплексида 50 нафар ходим ишлайди.

Риштон 1 

Риштон 2 

Вазир бу ерларда бўлиб, мавжуд меҳнат шароитлари билан танишди. Ишни ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсифлар берди.

Қайд этиш жоизки, Олтиариқ ва Риштон туманларида аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашишда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 677,7 млн. сўм субсидия ажратилиб, 275 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланган. Ўз томорқасидан самарали фойдаланишлари учун 210 та кам таъминланган оилаларга иссиқхоналар қуриб берилган ва бугунги кунда аҳоли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириб ўзларининг даромад манбаларига эга бўлишмоқда. Шунингдек, туманда ташкил этилган 3 та қишлоқ хўжалиги кооперативига 334,5 млн. сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган ва 150 нафар фуқаро кооперативларга аъзо сифатида киритилиб бандлиги таъминланган. Январ–май ойи давомида 3201 нафар фуқаролар жамоат ишларига жалб қилинган. Шунингдек, туманда 58 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар, банд қилинган иш ўринларига ишга жойлаштирилган.