Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси йиғилиши ўтказилди

24.03.2021

2021 йил 24 март куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Миллий комиссия ва ҳудудий комиссиялар аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борди. 

Йиғилишда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий маърузачи томонидан тайёрланган ахборот, Комиссия томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида сўз юритилди.

Хусусан, миллий маърузачи томонидан тайёрланган ахборотда соҳада миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасида олиб борилган ишлар, кўрилган ташкилий ва амалий чоралар, мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича таклифлар акс эттирилгани таъкидланди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида одам савдоси билан боғлиқ 93 та жиноят қайд этилиб, уларнинг 51 таси шаҳвоний фойдаланиш, 3 таси меҳнатдан фойдаланиш, 39 таси чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларни ташкил этган.

Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида 5 684 та ташкилот ўрганилиб, мажбурий меҳнатга йўл қуйган 106 нафар ҳамда иш ҳақларини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 125 нафар мансабдор шахсга маъмурий жарималар қўлланилган.

Шунингдек, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши билан ушбу соҳадаги муносабатлар тартибга солинди.

Пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш юзасидан учинчи томон мониторинги, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан миллий мониторинг ўтказилди. Сенаторлар ва депутатлар томонидан журналист ва блогерлар жалб этилган ҳолда парламент назорати олиб борилди.

Мониторинглар натижаларига кўра пахтачиликда болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга тўлиқ барҳам берилганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 50 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилди.

 

Россиянинг Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ташкил этилди.

Йиғилишда мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар қаторида мавжуд муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди.

Қолаверса, Одам савдосига қарши курашиш (Ички ишлар вазирлиги) ҳамда Мажбурий меҳнатга қарши курашиш (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги) масалалари бўйича кичик комиссиялар ва ҳудудий комиссиялар Андижон, Бухоро ва Хоразм вилоятлари) раҳбарларининг соҳага оид маърузалари тингланиб, Миллий комиссиянинг тегишли ҳулоса ва топшириқлари берилди.

 

Жумладан, Мажбурий меҳнатга қарши курашиш кичик комиссияси раиси Нозим Хусанов ўз маърузасида комиссия фаолияти ҳамда жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар тўрисида сўз юритди.. Бунда, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларни давом эттириш, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликда 2021 йилдан бошлаб иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида, хусусан, ипакчилик, қурилиш ва умумий овқатланиш соҳаларида ҳам меҳнат қонунчилиги қоидаларига амал қилиниши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш юзасидан мониторинг ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида гапириб ўтдилар.

Шунингдек, Миллий комиссия томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган “2020 йилда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотда билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)” лойиҳаси кўриб чиқилди, тасдиқланди ва ижро учун тақдим этилди.