“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инклюзивлиги: очиқ ва барқарор иқтисодий ўсиш йўлида” мавзусида онлайн конференсия ўтказилди

04.02.2022

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инклюзивлиги: очиқ ва барқарор иқтисодий ўсиш йўлида” мавзусида онлайн конференсия бўлиб ўтди.

Унда вазирликнинг масъул шахслари, хорижий экспертлар ҳамда тегишли ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Тадбирда ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш масалалари ҳамда уларнинг ижтимоий мослашуви бўйича маълумотлар, тавсиялар ўқиб эшиттирилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам ногиронликдан азият чекади. Бу дунё аҳолисининг, тахминан, 15% ни ташкил этади. Сурункали касалликларнинг кучайиши ва қарилик сабаб уларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам бундай шахслар сони кам эмас. Иш билан таъминлаш, жамиятдаги нотенглик муаммоси эса ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда 790 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар расман рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 62% га яқини қишлоқ жойларда яшовчилар ва 45% га яқини аёллар ташкил этади. Ногиронлиги бўлган шахслардан 123,9 минг нафари 16 ёшгача бўлган болалар, 666,3 минг нафардан ортиғи 16 ёшдан катталар ҳамда 201,7 мингдан ортиғи пенсия ёшидагиларни ташкил этади.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг 248,2 минг нафардан зиёди меҳнат фаолиятига лаёқатли, шундан 46,7 минг нафари ёки 18,8% (ЯММТ маълумоти) доимий иш ўринлари билан банд.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш топиш эҳтимоли ногиронлиги бўлмаган шахсларга қараганда қарийб 4 баравар камроқ. Қишлоқ жойларда ногиронларнинг атиги 5,8% иш билан таъминланган бўлиб, ногиронлиги бор аёлларнинг атиги 4,4% иш билан таъминланган.

Бугунги кундаги таҳлилларимизга асосан, бизда яна қўшимча равишда 42 мингдан ортиқ Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш имкониятларимиз борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

- хусусий тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача (10,8 млн. сўм) миқдорда субсидия ажратилиши белгиланган (2021 йилда 1 та корхонага 30 та иш ўрнини ногиронлиги бўлган фуқарога мослаштиргани учун

224,5 mln.soъм миқдорда субсидия ажратилди);

- ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳақ тўлаш жорий этилган.

Ушбу субсисдия туридан 2021 йилда 81 та ташкилотга

209 нафар ходим учун 993,4 mln.soъм субсидия ажратилган.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 21-декабрдаги ПҚ-57 сонли "Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилмоқда.