НАВОИЙ ШАҲРИДАГИ КОВОРКИНГ МАРКАЗИДА НАВОИЙ КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ МАСКАНИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Аҳоли бандлигини таъминлаш бугун ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки, пандемия туфайли кейинги икки ойда 70 мингга яқин меҳнат муҳожири юртимизга қайтиб келди. Шунингдек, 421 минг киши эса депортация қилиниб, Россия Федерациясига киришга тақиқ олган. Маълумотларга кўра, ҳозирда Россияда 600 минг ўзбекистонлик ҳужжатларсиз ишламоқда. Шу боис эндиликда Ўзбекистонда фуқароларни хорижга ишлашга жўнатишдан аввал мажбурий ўқитишга қарор қилинди. Бунга давлатимиз раҳбарининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асос бўлмоқда.
Навоий шаҳридаги Коворкинг марказида Навоий касб-ҳунарга ўқитиш маскани ташкил этилди. Мазкур маскан ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар учун кенг имконият эшикларини очмоқда.
Навоий касб-ҳунарга ўқитиш марказида тикувчилик, бухгалтерия, компьютер саводхонлиги, қандолатчилик, электр пайвандловчи, ахборот технологиялвари, металлгу ишлов бериш ва бошқа 15 дан ортиқ йўналишда касбга қайта ўқитилади. Шунингдек, бу ерда чет элга ишлаш истагидаги фуқаролар тил ўрганишлари ва халқаро меҳнат муносабатлари хусусидаги маълумотлардан бохабар бўлишлари мумкин.
Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг битирувчиларига эгаллаган касби бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги диплом тақдим этилади. Ушбу дипломга эга бўлган фуқаролар мутахассисликлари бўйича етакчи ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолият юритишлари мумкин.
Навоий касб-ҳунарга ўқитиш марказида бугунги кунда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун четга кетиш истагини билдирган фуқаролар шунингдек, банд бўлмаган ишсиз аҳолини касбга ўқитиш мақсадида жами 100 нафар шу жумладан, электрик йўналишида 20 нафар, пайвандлаш иши йўналишида 18 нафар, токар йўналишида 20 нафар, компьютер саводхонлиги йўналишида 12 нафар, тикувчилик йўналишида 10 нафар, бухгалтерия йўналишида 10 нафар, тадбиркорлик курсларига 10 нафар фуқаролар касбга ва рус тилларига ўқитилмоқда, - дейди Навоий вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи эркин Авезов.
Ушбу йўналишда ўқиб тугатган фуқаролар Россия давлатига ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижий мамлакатларда ишлаш учун юборилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги ПҚ-4829-сонли қарорига мувофиқ четга кетиш истагини билдирган, касб малакасига эга бўлмаган жами 412 нафар, шундан, Учқудуқ туманидаги 25 нафар, Карманадаги 15 нафар, Қизилтепадаги 115 нафар, Конимехдаги 17 нафар, Навбаҳордаги 40 нафар, Нуротадаги 40 нафар ҳамда Хатирчи туманидаги 80 нафар фуқаролар ҳудудлардаги касб-ҳунар марказлари, мактаблари, коллежлар ҳамда техникумларда касбга ва хорижий тилга ўқитиш ишлари бошланди.
Шу билан биргаликда, меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касбларга Нурота касб ҳунарга ўқитиш марказида, Навбаҳор кўп тармоқли техникуми ва Қизилтепа қурилиш коллежида қисқа муддатли касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилди.
Ушбу марказларни тамомлаган битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилиб, эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради.