Москва ҳукумати вазири билан учрашув бўлиб ўтди

16.04.2021

Aввал хабар берилганидек, айни кунларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг яшаш ва иш шароитларини ўрганиш мақсадида Москва шаҳрида бўлиб турибди.

Сафар доирасида Москва ҳукумати вазири, Москва шаҳар иқтисодий сиёсат ва ривожлантириш департаменти раҳбари К.Пуртов билан учрашув ташкил этилди. Унда делегациянинг сафар доирасида ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилинган Ўзбекистон фуқароларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда мамлакатимизда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни касбга ва рус тилига ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, мигрантларнинг турли “воситачилар” хизматларидан фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш, уларни хорижга ишга жалб қилиш жараёнида дуч келаётган муаммолар, Москва шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг қонуний ишлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ишчи гуруҳ вакиллари вазирликка хорижий фуқароларни ишга жалб қилиш масаласида мурожаат қилган иш берувчи ташкилотлар билан учрашув ташкил этиш ва ушбу учрашувда ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиш таклифини берди.

Учрашув якунида Москва ҳукумати вазирлиги делегацияси юқоридаги муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва аниқ келишувларга эришиш учун Ўзбекистонга таклиф қилинди.