МИГРАНТЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ

01.11.2020

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди. Унда чет элда меҳнат қилаётган мигрантларни, айниқса ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда меҳнат миграцияси глобал ривожланишнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади, шу билан бирга халқаро нуқтаи назаридан жиддий масала ҳамдир. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 50 йил ичида ўз мамлакатидан ташқарида яшовчи одамлар сони 3 баробар ошган.

Ўзбекистонда ҳам бу йўналишлардаги муносабатларни тартибга солиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, чет элда бўлиб турган хотин-қизларни, умуман меҳнат мигрантларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга муҳим масала сифатида қаралмоқда.

Ушбу йўналишда мамлакатимизда фаолият юритаётган тегишли тузилмалар томонидан ҳам фаол иш олиб бориляпти. Жумладан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан COVID-19 тарқалиши сабабли хорижда қийин молиявий аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Агентликнинг birgamiz.com электрон платформасига келиб тушган меҳнат мигрантларининг мурожаатлари ўрганилди. Уларнинг 753 нафарига қонунда белгиланган тартибда халқаро пул ўтказма тизими орқали тегишли миқдорда моддий ёрдам йўналтирилди. Ваколатхоналар аралашуви билан меҳнат мигрантларининг иш берувчилардан ундирилмаган 378,0 минг АҚШ доллари миқдорида иш ҳақлари ундириб берилди.

Шунингдек, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида аёл мигрантларнинг муаммоларини ҳал қилишда яқиндан ёрдам берилмоқда. Жойларда миграциядан қайтган аёллар билан алоҳида ишлаш тизими маҳаллий Кенгашлар билан биргаликда мониторинг қилиниши таъминланган. Айниқса “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”га киритилган опа-сингилларимиз билан олиб борилаётган ишлар устидан парламент назорати ўрнатилмоқда. Қолаверса, муаммога мутасаддилар ва кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Давра суҳбатида мазкур йўналишда ҳамкорликни кучайтиришга оид муҳим масалалар муҳокама қилинди. Бу борада турли таклифлар илгари сурилди.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати