Меҳнат соҳаси масалаларига бағишланган матбуот анжуманига таклиф этамиз!

31.05.2019

2019 йил 3 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев иштрокида “Ўзбекистонда меҳнат соҳасини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ва натижалар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади.

Анжуманда Ўзбекистон меҳнат бозорини ислоҳ этиш бўйича сўнгги икки йил ичида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида учта асосий йўналиш кесимида ахборот берилади.

Биринчи йўналиш – бу бевосита аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш билан боғлиқ. Биргина жорий йилнинг тўрт ойи давомида меҳнат органларига мурожаат қилган аҳоли сони 1,5 баравар, 179 мингдан 239,4 минггача, ишга жойлаштирилган аҳоли сони 1,2 баравар, 77 мингдан 93 минггача ошган.

Шунингдек, 70,9 минг нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича амалга оширилаётган ишларга жалб қилинган ва бунга Жамоат ишлари жамғармасидан 55 млрд. сўм маблағ сарфланган. Бундан ташқари, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурлари доирасида 16,5 мингдан ортиқ аҳолини тадбиркорликка жалб этиш орқали уларнинг бандлиги таъминланди.

Бу йилдан бошлаб илк бор янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича Президент қарори билан давлат буюртмаси механизми тасдиқланди. Унга кўра 2019 йилда 370 минг янги иш ўринлари ташкил этилиши ва 182 минг аҳоли вақтинчалик иш ўринларига жалб қилиниши белгиланган. Жорий йилнинг тўрт ойи мобайнида республика бўйича 68 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган (прогнозга нисбатан – 127,7%).

Иккинчи муҳим йўналиш – касбга ўқитиш ва тайёрлаш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил
13 майда қабул қилинган “Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор билан вазирлик ҳузуридаги ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш ҳамда давлат-хусусий шерикчилик асосларида касбий баҳолаш марказларини, касбий стандартларни ишлаб чиқишни мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ва тармоқ кенгашларини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатимизни World Skills International уюшмасига аъзо бўлиши бўйича йўл харитаси тасдиқланган.

Учинчи йўналиш – меҳнат миграцияси. Алоҳида таъкидлаш жоизки, 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонуни ташқи меҳнат  миграцияси фаолияти монополиясига барҳам бериб, хусусий тадбиркорлик субъектларига аҳолини иш билан таъминлаш хизматларини кўрсатиш, шу жумладан, хорижга ишга юбориш ваколатларини берди. Бугунги кунгача
81 та юридик шахс Хусусий бандлик агентлиги (ХБА) сифатида реестрда рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 60 таси Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензия олган.

Ташқи меҳнат миграцияси фаолияти билан шуғулланаётган ХБА фаолиятини такомиллаштириш ҳамда уларга амалий кўмак бериш мақсадида бир қанча чет эл давлатларида Вазирлик томонидан халқаро меҳнат форумлари ташкиллаштирилди. Мазкур тадбирлар орқали Хусусий бандлик агентликлари Россия, БАА, Япония рекрутинг компаниялари билан меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлди. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Россияда Москва меҳнат форуми, Япониянинг Токио шаҳрида ўзбек-япон меҳнат форуми ҳамда Тошкентда Бирлашган Араб Амирликлари Меҳнат ресурслари вазири иштрокида форум амалга оширилди ва хусусий бандлик агентликлари учун ҳамкорлик платформалари яратиб берилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказиладиган матбуот анжуманида меҳнат соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари хусусида фикр юритилади. Шунингдек, мавзу доирасида ОАВ вакиллари билан савол-жавоблар ўтказилади.

Анжуманда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштрок этади.

Мазкур матбуот анжуманига барча ОАВ вакилларини таклиф этамиз.