Меҳнат органлари ходимларининг малакасини ошириш республика курслари ўқув машғулоти ташкил этилди
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги меҳнат органлари, вазирлик ва ҳокимликларнинг раҳбар ва мутахассисларини меҳнат иқтисоди, меҳнат муносабатлари ва меҳнат ҳуқуқи, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни таъминлаш юзасидан Меҳнат органлари ходимларининг малакасини ошириш республика курслари йўлга қўйилди.
Вазирлик марказий аппарати, шунингдек ҳудудий меҳнат Бош бошқармалари, туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳамда вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар раҳбар ва ходимлари иштирокида навбатдаги ўқув машғулоти ўтказилди.
Меҳнат муносабатлари тизимида фаолият юритувчи ҳар бир ходим ва раҳбарлар соҳани чуқур тушуниши ва ушбу йўналишдаги масалаларни аниқ таҳлил қила билиши керак, - деб таъкидлади Меҳнат органлари ходимларининг малакасини ошириш республика курслари директори У.Султонов.
Ташкилот томонидан 2019 йилнинг ўзида меҳнат муносабатлари тизимининг 1045 нафар ходими, шунингдек меҳнат муҳофазасига оид масалалар бўйича бошқа ташкилот масъул ходимларининг малакаси оширилган ва уларга намунавий сертификатлар топширилган. Бугунги кунда Меҳнат органлари ходимларининг малакасини ошириш республика курслари томонидан турли хил лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, пандемия шароитида ва вилоятларга қулайлик яратиш мақсадида онлайн ўқув курсларини ҳамда коррупциянинг салбий оқибатларини олдини олиш борасидаги амалий ўқув машғулотларини ташкил қилишда Бош прокуратура Академияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, Электрон кутубхонанинг йўлга қўйилиши шулар жумласидандир. Тизимда фаолият юритувчилар республиканинг турли нуқталаридан туриб ушбу электрон кутубхонадан бемалол фойдаланишлари мумкин.