“Меҳнат миграцияси ва ишсизлик ҳақида” мақоласига раддия

09.12.2019

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жорий йилнинг ноябрь ойида “Anhor.uz” интернет нашрида эълон қилинган “Меҳнат миграцияси ва ишсизлик ҳақида” номли мақолани диққат билан ўрганиб чиқди.

Аввало шуни таъкидлаш жоизки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамоатчилик ва экспертларнинг, электрон ОАВнинг аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратаётганини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва юқори баҳолайди.

Шубҳасиз, мақолада кўтарилган ишсизлик ва меҳнат миграцияси масалалари юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва унда амалга оширилаётган ислоҳотлар кун тартибидаги энг муҳим ва долзарб вазифалардан ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича белгиланган ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳам, аввало, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил оширишга қаратилган ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Бутунжаҳон банки, Жаҳон валюта фонди, Осиё тараққиёт банки сингари нуфузли ташкилотлар, экспертлар ва академик уюшмалар, шунингдек, кўплаб юртдошларимиз томонидан эътироф этилмоқда.

Иқтисодиётнинг деярли ҳар бир соҳасида маҳаллий корхоналар самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик ва инвестицион фаолликни рағбатлантириш, валюта ва капитал бозорини, солиқ ва бюджет сиёсатини, монетар сиёсат ва банк секторини, энергия ташувчиларга баҳо белгилашни либераллаштириш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа нақд пулли товарларга йўналтирилган тизимли жиддий жараёнлар кечмоқда.

Ушбу таркибий ўзгаришлар қатор тизимли камчиликлар сақланиб қолаётган ва амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳал этилиши керак бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат миграцияси соҳаларига, шубҳасиз, кучли таъсир кўрсатади. Бу, биринчи навбатда, меҳнат бозорига таъсир ўтказадиган юқори демографик босим, ташқи меҳнат миграциясининг катта оқими, меҳнат фаолиятидаги самарадорлик ва кадрларнинг касбий малака даражаси етишмаслиги билан боғлиқдир.

Таркибий жиддий ўзгаришларнинг бир зумда амалга ошиши ва тизимли муаммоларнинг оддий йўл билан ечим топишини кўзлаш ўта соддалик бўлар эди.

Шунга қарамай, мақолада қатор омиллар ва далиллар келтирилганки, уларга қўшилиш қийин.

Биринчидан, бу меҳнат бозори, бандлик ва ишсизлик статистикаси билан боғлиқ.

Ушбу масала ҳақиқатан долзарб саналиб, ростдан ҳам муаллиф таъкидлаганидек, меҳнат бозори, бандлик ва ишсизлик ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилиги кўп йиллар давомида қатор сабабларга кўра шубҳа остида бўлиб келган. Бироқ бу ҳолат айни вақтда тубдан ўзгарди.   

2017 йилнинг декабрь ойида Халқаро меҳнат ташкилоти тавсияларини инобатга олган ҳолда ишга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш методикасини такомиллаштириш бўйича Ҳукуматнинг махсус қарори қабул қилинди.

Шундай қилиб ишсизлик кўрсаткичининг 2017 йилдаги 5,8 фоиздан 2018 йилда 9,3 фоизга ортиши, бу мутлақо ишсизлар сони ортганидан эмас, балки ишсизликни ҳиособлашнинг янада ишончлироқ методологияси жорий этилгани натижасидир.

Ишончсиз маълумотларга таянган ҳолда муаллиф томонидан 2018-2019 йилларда мамлакатда ишсизлик даражаси ортгани таъкидланмоқда, ваҳоланки, аслида 2018 йилнинг бошида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг 9 ойлиги якунида 9 фоизга, 2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра эса ишсизлик даражаси 8,9 фоизгача пасайган.

Мазкур жараёнлар ҳали меҳнат бозорига ҳар йили 600 мингдан ортиқ кишининг кириб келиши билан боғлиқ юқори демографик босим шароитларида шундай кўрсаткични қайд этмоқда.

Миллий бандлик дастурининг амалиётга татбиқ этилиши натижасида жорий йилнинг 9 ойи давомида 266,3 мингта янги иш ўринлари яратилди, вақтинчалик ишларда 119,8 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Истиқлолга эришилгандан буён бу йил илк маротаба расмий иқтисодиёт секторида банд бўлганлар сонининг ортиши кузатилди, мазкур кўрсаткич 307,9 минг (101,7 фоиз)ни ташкил этиб, 5691,2 минг кишига етди. Бу, ўз навбатида, иш ўринларини легаллаштириш бўйича олиб борилган фаол чора-тадбирлар ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш натижасидир.

Бундан ташқари, узоқ йиллардан бери биринчи марта ихтиёрий банд бўлмаган шахслар сонининг 205,0 минг киши (27,9 фоиз)га қисқариши ҳисобига иқтисодий нофаол аҳоли сонининг 4 039,6 минг кишига камайганлиги кузатилмоқдаки, бу аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллиги ортганлигидан далолатдир.

Бандлик кўрсаткичининг ортишида меҳнат солиғини камайтириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Бунинг натижасида аксарияти кичик тадбиркорликда банд бўлган 664 минг киши легаллаштирилди. Назаримизда, ушбу рақамлар мақолада таъкидланганидек, кичик ва ўрта бизнеснинг пасайганлигидан далолат бермайди.

Иккинчидан, “етарлича тажрибага эга бўлмаган” ишчи кучининг шаклланиш сабаблари ҳақидаги муаллиф фикрлари баҳслидир. Муаллифнинг ёзишича, “бизнес эгалари” ана шундай тоифадагиларни ишга қабул қилишга мажбур ва уларни ўқитиш учун катта маблағлар сарфлайди.

Тан олиш керак, ишчи кучимиз ўртасидаги инсон капитали даражаси, ёшларнинг касбий билим ва малака сифатларида ҳали камчиликларимиз бор. Бунинг оқибатида меҳнат унумдорлигимиз кўрсаткичи пастлигича ва аҳоли жон бошига ЯИМ даражасига ўхшаш давлатлар билан қиёслаганда ишлаб чиқариш саноатида ўртача 16 фоизга ортда қолмоқда.

Ўтган ўн йилликлардан мерос қолган муаммолар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари тизимининг паст самарадорлиги, аввал бошдан истиқболли бўлмаган фаолият модели, ёшларнинг жамиятда ноҳақ равишда нуфузи туширилган ишчи касблар бўйича ҳақиқий малакасини ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмагани билан боғлиқ сабаблар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин.

Бироқ Ўзбекистонда инсон капитали соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотларни инкор этиб бўлмайди. Бу борада мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасидаги давлат-хусусий шерикчилик моделларини, олий маълумотли ёшлар қамровининг тубдан кенгайганлиги, мамлакатда, айниқса, ҳудудларда очилган хорижий олий таълим муассасалари, таълим муассасалари моддий-техник базасининг мустаҳкамлангани, педагог кадрларни моддий рағбатлантириш яхшилангани ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Ишсиз ва банд бўлмаган шахсларни касбга ўқитиш ва малакасини оширишга тўхталадиган бўлсак, бу йўналишда ҳам Меҳнат вазирлиги томонидан тизимли ва мақсадли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Сир эмаски, технологиялар ривожланиши иқтисодиётдаги машаққатли соҳалар ролини тобора камайтириб, инсон меҳнатини автоматлаштирилган тизимлар билан алмаштирмоқда, ишчилар ўрнининг қисқариши ва ишдан бўшашига олиб келади, бу эса уларни қайта ўқитиш ва қайта ишга жойлаштириш ёки уларга ўз-ўзини унумли банд қилиш имкониятини бериш заруратини уйғотади.

Айнан шу сабабга кўра 30 дан ортиқ мутахассисликларга эга ишсиз ва банд бўлмаган шахсларни касбга ўқитиш марказларини ташкиллаштириш учун Меҳнат вазирлигига 30та касб-ҳунар коллежи берилди.

Ушбу марказларда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган пайвандловчи, кран ва экскаваторлар оператори, механизаторлар, токарь, фрезерчилар, алюмин профиллар ва гипсокартонларни ўрнатувчи, мода дизайнерлари, меҳмонхона хизмати мутахассислари, баттлерлар, нэйл-стилистлар, имконияти чекланганлар ва қарияларни парваришловчилар, касметологлар, бухгалтерлар сингари мутахассисликлар, шунингдек, 6 та хорижий тил бўйича ўқитилади. 2019 йилнинг 9 ойи давомида 30,6 дан ортиқ ишсизлар касбий таълим олишди, ушбу кўрсаткич 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўпдир.

Айни пайтда Меҳнат вазирлиги ишга қабул қилинган банд бўлмаган шахслар, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг касбга ўқитиш харажатларини қоплаш учун иш берувчиларга субсидия тақдим этиш бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга оширмоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ишга жойлаштирган иш берувчиларга ҳам субсидиялар берилмоқда.

Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ишсизларга, шунингдек, шахсий томорқаларини ривожлантираётганларга субсидиялар тақдим этилмоқда.

Шу мақсадда жорий йилнинг 9 ойи давомида Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан 9,1 млрд. сўм миқдорида субсидиялар ажратилди, 10 минг нафар киши ишга жойлаштирлди.

Шу билан бирга, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 135 млрд. сўм миқдордаги имтиёзли кредитлар тақдим этилди. Меҳнат органлари томонидан 8,5 минг нафар ўз-ўзини банд қилган шахсларга уларнинг меҳнат стажларини ҳисоблаш ва пенсия ҳуқуқини тақдим этиш учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди.     

Учинчидан, мақолада меҳнат миграцияси кўлами ва уни тартиблаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар нохолис баҳоланган.

Хусусан, Ўзбекистон ташкилий меҳнат миграциясини ривожлантириш соҳасида керакли ва ноёб тажрибага эга.

Мамлакат тарихида биринчи марта Президент қарори билан 2018 йилда Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилиб, унга Давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилган.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан шу йилнинг ўзидаёқ 23 мингдан ортиқ фуқароларга ёрдам кўрсатилиб, хорижда қийин аҳволда қолган меҳнат мигрантларини Ватанга қайтариш, уларга юридик ёрдам бериш, шу жумладан, ноинсоф иш берувчилар томонидан тўланмаган иш ҳақларини ундириш, бўш иш ўринларини топиш, шунингдек, меҳнат миграцияси даврида вафот этган фуқаролар жасадини олиб келиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилди.

Фуқароларимиз ҳуқуқини хорижда ҳимоя қилиш мақсадида мамлакат тарихида биринчи марта Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари шатат жадвалларига меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими киритилмоқда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хорижий ваколатхоналари ташкил этилмоқда.

Ўтган йилнинг апрелидан бошлаб вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларнинг транспорт харажатларини субсидиялаш бўйича кенг кўламли дастур жорий қилинди ва бугунги кунга қадар бундан 210 минг нафар фуқаро фойдаланди.

Президент қарори билан жорий йилнинг августида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетадиган фуқаролар учун хориждаги харажатларни тўлашга имтиёзли кредит олиш, ҳаёт ва соғлиқ хавфини суғурталаш бўйича суғурта полиси тўлови билан боғлиқ харажатларни субсидиялаш, шунингдек, яшаш жойга эга бўлиш учун имтиёзли ипотека кредитини бериш имконияти тақдим этилди.

Эҳтимол, муаллиф юқорида таъкидланган маълумотлар ва меҳнат миграцияси ҳажмига тааллуқли ҳаққоний рақамлардан бехабар бўлгандир.

Хусусан, мақолада келтирилишича, берилган турли баҳоларга кўра Ўзбекистонда 5,5-6,0 млн. ишга лаёқатли аҳоли доимий равишда меҳнат миграциясида бўлиб келмоқда.

Аслида эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказининг республиканинг 108 та туман ва шаҳарларида ҳар чоракда ўтказиладиган аҳоли текширувларига асосан 2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра меҳнат мигрантлари сони 2594,1 минг (2,6 млн.) кишини ташкил этган.

Кўрсатилган рақамлар, умуман олганда, Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини жалб қилувчи Россия, Қозоғистон, Корея, Туркия сингари давлатларнинг миграция органлари маълумотлари билан тасдиқланган. Масалан, Россияда бу кўрсаткич мақолада кўрсатилганидек, 3,2-3,3 млн. эмас, балки 2 млн.дан ортиқ кишини ташкил этади.

Мақоланинг кейинги ўринларида аҳолининг 40 фоизга яқини доимий равишда давлатдан ташқарида иш ёки даромад манбайини қидиради, ҳақиқатда эса бу рақам 7,8 фоизга тенг. Муаллиф меҳнат миграциясининг кескин ортганлигини таъкидлаган, аслида эса ўтган йил билан қиёслаганда жорий йилнинг 9 ойи мобайнида бу рақамлар деярли ўзгармаган (2593,7 минг кишига 2594,1 минг киши)