Меҳнат миграцияси бўйича Ўзбекистон ва Россия учрашуви ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаментининг мудири К.Рашидов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов ва Россия Федерацияси меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбари М.Иванковларнинг учрашуви ўтказилди.
Видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган учрашувда коронавирус пандемияси шароитида икки давлат меҳнат бозоридаги вазият, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг бугунги ҳолати ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама этилди.
Учрашувда маълумот берилдики, ҳукуматлараро олиб борилган музокаралар натижасида коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан меҳнат мигрантлари учун қатор имтиёз ва имкониятлар берилмоқда. Россия Федерацияси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, патентларнинг амал қилиш муддати 2020 йил 15 июнгача узайтирилди ва иш берувчиларга фуқароларни патентсиз ишга жалб қилиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, пандемия сабабли корхона ва ташкилотлар томонидан ходимлар меҳнат таътилига чиқарилганда меҳнат мигрантларининг ҳам Россия фуқаролари каби ишсизлик нафақасини олиши кўзда тутилган.
Коронавирус пандемияси шароитида Россияда вақтинча ишсиз қолган фуқароларни иқтисодиёт тармоқлари нисбатан кам зарар кўраётган бошқа ўлкаларда иш топишга кўмаклашиш, хусусан аниқлаган бир миллионга яқин иш ўринларига жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Музокаралар давомида пандемиядан кейин меҳнат бозорини тиклаш, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини хавфсиз, тартибли ва манзилли иш билан таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.