“Меҳнат фаолияти соҳаси келажагига доир янги портфолио” лойиҳаси ишлаб чиқилади

22.06.2021

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “Меҳнат фаолияти соҳаси келажагига доир янги портфолио” лойиҳасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Доина Мунтяну ва халқаро консултант Рикардо Пинто иштирок этди.

Йиғилишда “Фарғона водийси аҳолиси малакасининг пандемиядан кейинги иқтисодиётга мослашуви” ҳамда “Ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳалари, малака ошириш ҳамда яшил иқтисодиёт соҳаси ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов аҳоли бандлиги борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида ишсизлик даражасини 2021 йил якунида 10,5 фоизга, 2025 йилда 8,5 фоиз ва 2030 йилда 7 фоизга туширишга эришиш белгиланганлигини қўшимча қилди.

Муҳокама якунида ўрта ва қисқа муддатли (5 йилгача) давр учун "Меҳнат фаолияти соҳаси келажагига доир янги портфолио" лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, томонлар ўртасида келгусида ҳамкорликни янада юқори даражага кўтарилишига келишилди.