МАСОФАВИЙ ИШЛАШ АҲОЛИ БАНДЛИГИНИНГ ЗАМОНАВИЙ ФОРМАТИ

20.10.2023

 

Коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши билан боғлиқ қийинчиликлар ва карантин вақтида жорий этилган чекловлар, бир томондан, миллий иқтисодиётга, айниқса, кичик ва ўрта бизнесга зарар келтирган бўлса, иккинчи томондан, ўзаро алоқаларнинг масофавий шаклларини жорий қилиш ва ривожлантиришга туртки бўлди.

Агар бир неча йил олдин “масофадан ишлаш” тушунчаси асосан фрилансер (инглизча фрееланcе – эркин ёлланма ишчи), ярим кунлик иш маъносида қўлланилган бўлса, бугунги кунда биз илгари ташкилотда тўлиқ вақтда ишлаган мутахассисларнинг масофавий ишлашга ўтказилаётганлиги ҳақида кўпроқ эшитмоқдамиз.

"Масофадан ишлаш" (инглизча, Remote work, telework) атамаси аниқ илмий таърифга эга эмас. Унинг асосий синонимлари кўпинча қуйидагиларни ўз ичига олади: масофавий ишлаш, онлайн ишлаш ва масофавий бандлик.

Мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг салмоқли қисми учун давлат, хусусий ва нодавлат секторда ишлаш асосий фаолият тури бўлганлиги сабабли, меҳнат муносабатлари соҳасида содир бўлаётган ўзгаришлар бошқа ижтимоий тузилмалар ва муносабатларга таъсир қилиш учун катта имкониятларга эга.

Масофавий иш феноменини сотсиологик таҳлил қилиш меҳнат бозорининг ўзгаришини тушунтириш ва жамиятдаги тенденсияларни тавсифлаш имконини беради. Чунки бандлик шаклларининг ўзгариши ижтимоий-касбий тузилмалар, коммуникатив амалиёт ва кундалик муносабатлар ҳамда инсоннинг умуман ишга муносабатида ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Замонавий дунёда технологиянинг ривожланиши билан меҳнат дунёсида бандликнинг янги масофавий кўриниши шаклланди. Пандемия билан боғлиқ оғир глобал вазият меҳнат бозори форматига катта таъсир кўрсатди ва мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг беқарор ҳамда ҳимояланмаган соҳаларини очиб берди. Меҳнат бозоридаги тартибсизликлар масофадан ишлаш чораларини ўзгартириш заруриятини келтириб чиқарди.

Қўшма Штатларда масофадан ишловчи фуқароларнинг улуши 37 фоиз, Европа Иттифоқида эса 17 фоиз ташкил қилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда меҳнат бозорида масофавий иш форматини ёъқотиш жараёни кузатилмоқда. Бу иш жараёни устидан назоратнинг йўқлиги, меҳнат ва дам олиш тартибига риоя қилмаслик эҳтимоли, иш тезлигининг пастлиги, шунингдек, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажармаслиги билан изоҳланади.

Бундай сабаблар кўпинча ходим ва иш берувчи ўртасида зиддиятли вазиятларга олиб келади.

Меҳнатнинг ўзига хос хусусиятларини аниқроқ тушуниш учун уйда иш билан таъминлашнинг асосий шаклларини (онлайн: масофадан туриб, уйда), аралаш (бир неча кун уйда, бир неча кун ташкилотда)) аниқлаш керак.

Меҳнат бозорида томонлар ўртасида меҳнат шартномасини тузишда ҳам буларни инобатга олиш зарурдир.

Оммавий ахборот воситалари ва блогосферани таҳлил қилиш бизга пандемия даврида масофавий ишлаш амалиёти долзарб бўлиб қолганлиги, аммо аксарият ҳолларда бу фаолият вақтинчалик, бевосита тиббий чекловлар билан боғлиқ деган хулосага келишимизга олиб келади.

2020-2021 йиллар мониторинги натижалари ОАВда иш билан таъминлашнинг масофавий шакллари билан боғлиқ мавзулардаги хабарларни кескин ўсганлигини кўрсатди. Масофавий ишлаш тўғрисида ёритилган ахборотларни тўртта шартли гуруҳга бўлиш мумкин:

1) Энг катта гуруҳ – турли ташкилот ва корхоналар ходимларининг бир қисмини вақтинчалик масофавий ишга ўтиши, масофавий иш ўринларини ташкил этиш тўғрисидаги хабарлар ташкил этади;

2) Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни жорий этиш ва масофавий ишчиларнинг ўртача иш ҳақини 10-15 фоизга ошириш тўғрисидаги ҳисоботлар;

3) Ҳудудий ва давлат муассасаларининг масофавий режимдаги фаолияти самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботлар;

4) Энг кичик гуруҳ масофавий иш учун юқори малакали мутахассисларни излаш мавзусидаги хабарларни қамраб олади, аксарият ҳолларда улар ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларни қидирадилар.

Таъкидлаш жоизки, масофавий бандлик мавзусидаги нашрларнинг кўпайиши кўп ҳолларда ҳудудий меҳнат бозорларидаги пандемия билан боғлиқ вазият, ишчиларни вақтинча масофавий ишлашга ўтказиш, бандликка кўмаклашиш марказларидан мутахассисларга масофавий ёрдам кўрсатиш, пандемия даврида ишсиз қолганлар, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари билан бевосита боғлиқдир.

Масофавий иш бўйича эмпирик маълумотларнинг етишмаслиги ушбу ҳодисани социологик таҳлил қилиш, жумладан сифатий ва миқдорий методлар орқали ўрганиш зарурлигини кўрсатади.

Интернет-медиадаги маълумотларни таҳлил қилган ҳолда, масофавий иш пайтида ходимнинг иш юкламасини бир мунча енгиллаштирувчи сифатларни таъкидлаб ўтамиз:

 

– вақтни бошқариш кўникмаларини эгаллаш;

– диққатни қўйилган вазифага қаратиш;

– иш жойини тўғри ва қулай ташкил қилиш;

– ташқи ёрдамга суянмасдан, мустақил равишда иш билан шуғулланиш;

– ёлғиз ишлаш кўникмаларини ривожлантириш.

Маълумот учун: Тарихда биринчи маротаба “фрилансер” атамаси Валтер Скоттнинг “Айвенго” романида “ўрта аср ёлланма жангчиси”га нисбатан қўлланилган бўлса, бугунги кунда фрилансерлар асосан норасмий равишда фаолият юритади ва харидорларни ўзлари излаб топади ёки буюртмачилар таклифига кўра иш қилади.

Дунёда бу соҳага талаб йил сайин ортиб бормоқда. Бунга сабаб мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизими оммалашиб бораётганида. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда жаҳонда 1 миллиарддан ортиқ фрилансер фаолият олиб боради. Уларнинг 86 фоизи ўз уйида туриб ишлайди. 60 фоиздан ортиғи икки ёки учта соҳага ихтисослашган. Аҳамиятлиси, мавжуд фрилансерларнинг 35 фоизини аёллар ташкил қилмоқда.

 

Шухрат НАВРЎЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

масъул ходими.