МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК БОРАСИДА ТИЗИМЛИ ИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

25.09.2021

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими қизғин паллага кирди. Пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш, шунингдек, тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, барча ҳудудлардаги аҳоли гавжум жойларда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорликда ишлаб чиқилган 800 дан ортиқ баннер ўрнатилди, 800 мингдан ортиқ флаерлар ва 10 мингта плакатлар тарқатилди.

Шунингдек, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида 11 757 та тарғибот тадбирлари, шундан, фермер хўжаликлари ва кластерларда 3764 та, таълим муассасаларида 2 404 та, соғлиқни сақлаш тизимида 1 078 та, саҳаллаларда 2 135 та ҳамда бошқа ташкилотлар ва аҳоли ўртасида 2 376та тушунтириш ишлари олиб борилиб, унда 162 595 нафар фуқаролар иштирок этди.

Бундан ташқари, Оммавий ахборот воситаларида, телевидения ва радиоканаларда 1 410 марта чиқишлар ташкиллаштирилди. 2021 йилги пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан қатъий назоратни таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудуд бўйича сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан алоҳида ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, ҳудудларда ўрганишлар олиб борилмоқда.

Вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси тажрибали ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудларда бугунги кунга қадар 4 619 та мониторинг тадбирлари ўтказилди. Вазирликнинг ишонч рақамлари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали пахта мавсумида давомида келиб тушган 16 та мурожаат ўрганиб чиқилиб, 4 та ҳолатда теримчиларга муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги ҳамда терим пуллари ўз вақтида берилмаганлиги ҳолати бўйича фермер хўжаликлари раҳбарларига Ёзма кўрсатмалар берилди.

Ҳурматли юртдошлар!

Мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамига, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига ва “mehnathuquqbot” телеграм мессенджери орқали ўзингизнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларингизни тиклаш учун мурожаат қилинг.

Эслатиб ўтамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.