Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади

17.06.2019

2019 йил 18 июнь соат 15:00 да Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев иштирокида “Ўзбекистондаги ишсизлик сабаблари, меҳнат ресурсларининг сифати, шунингдек, мажбурий меҳнатга ва меҳнат миграцияси тизимидаги монополия ва коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар" мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади.

Маълумки, 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонуни ташқи меҳнат  миграцияси фаолияти монополиясига барҳам бериб, хусусий тадбиркорлик субъектларига аҳолини иш билан таъминлаш хизматларини кўрсатиш, шу жумладан, хорижга ишга юбориш ваколатларини берди. Бугунги кунгача 81 та юридик шахс Хусусий бандлик агентлиги (ХБА) сифатида реестрда рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 60 таси Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензия олган.

Ташқи меҳнат миграцияси фаолияти билан шуғулланаётган ХБА фаолиятини такомиллаштириш ҳамда уларга амалий кўмак бериш мақсадида бир қанча чет эл давлатларида Вазирлик томонидан халқаро меҳнат форумлари ташкиллаштирилди. Мазкур тадбирлар орқали Хусусий бандлик агентликлари Россия, БАА, Япония рекрутинг компаниялари билан меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлди. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Россияда Москва меҳнат форуми, Япониянинг Токио шаҳрида ўзбек-япон меҳнат форуми ҳамда Тошкентда Бирлашган Араб Амирликлари Меҳнат ресурслари вазири иштрокида форум амалга оширилди ва хусусий бандлик агентликлари учун ҳамкорлик платформалари яратиб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги қарори билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетувчи фуқаролар касбий малакаси ва тил билиш даражасини баҳоловчи марказларни аккредитациядан ўтказишнинг янги тизими жорий қилинди.

Янги тартибга кўра, монополия тугатилиб, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида республика ҳудудларида хориж тилини билиш бўйича тест марказларини ташкил этиш учун шароитлар яратилди. Хусусан, Корея Республикасида ишга жойлашиш истагида бўлган фуқаролар учун  Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги корейс тилидан саралаш тест синови бўйича янги шаффоф тизимини жорий қилди.

Ҳозирги кунда 2 та ана шундай марказ аккредитациядан ўтказилиб, вилоятлар кесимида яна 10 га яқин билимни баҳолаш марказларини ташкил этиш бўйича ҳужжатлар кўриб чиқилмоқда.

Меҳнат сиёсати бўйича Ўзбекистонда, айниқса, сўнгги икки йил ичида мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўлида аниқ мақсадга йўналтирилган истиқболли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, фуқароларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан 200-06-01 ишонч телефони ҳамда @mehnathuquqbot махсус телеграм бот тармоқлари ишга туширилди.

Биргина 2018 йилги пахта терими мавсумида ушбу ишонч тармоқлари орқали 2000 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 200 га яқин мурожаатларда чиндан мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари аниқланган. Пахта терими мавсумида меҳнат ҳуқуқларини бузганлиги учун 160 дан ортиқ мансабдор шахслар лавозимидан озод этиш ёки туширилиш, жарима тўлаш сингари маъмурий жавобгарликка тортилди. Мазкур ишонч тармоқлари фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бугун ҳам ўз ишини фаол давом эттирмоқда.

Мажбурий меҳнатга қарши курашишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ягона Давлат меҳнат инспекцияси ҳам алоҳида ўрин тутади. Жумладан, Инспекция томонидан 2018 йил 13264 та корхонада меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ 55282 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Уларни бартараф этиш бўйича 9580 та ёзма кўрсатма ва 889 та тақдимнома киритилиб, 8914 нафар мансабдор шахсга нисбатан 4614,3 млн. сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган. Қонунбузарликнинг катта улуши меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик (29202) ва меҳнат шартномасини тузмасдан ходимлар меҳнатидан норасмий фойдаланиш (4729)га тўғри келади.

Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга қарши курашида, шубҳасиз, халқаро ҳамжамиятлар билан олиб бораётган мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари муҳим ўрин эгаллайди. Бу борада, айниқса, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг “Учинчи томон мониторинги” мутахассислари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан амалга оширилаётган самарали ишларни қайд этиб ўтиш жоиз.

ХМТ вакиллари ўтган йилдан Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш ва мониторинг юритиш бўйича илк маротаба мустақил тарзда фаолият олиб бориб, шу орқали меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ вазиятларни аниқлаш шаффофлигини таъминлашда муносиб ҳисса қўшдилар.

Ўтган бир неча ой давомида мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар натижасида:

Биринчидан, АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар мажбурий меҳнати асосида етиштириладиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди. Эндиликда АҚШдаги исталган давлат ташкилоти Ўзбекистон пахтасини унинг мажбурий меҳнат асосида етиштирилмаганлигини тасдиқловчи сертификат талабисиз харид қилиши мумкин бўлади.

Иккинчидан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида қайта алоқа тизими йўлга қўйилди. Фуқаролар мажбурий меҳнат ҳолатига дуч келганларида ушбу тизим орқали Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишонч тармоқларига мурожаат қилишлари мумкин.

Учинчидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Парламентга мажбурий меҳнат учун жавобгарликни кескин ошириш тўғрисида қарор лойиҳаси киритилди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 51-моддасига мувофиқ меҳнатга мажбурий жалб қилганлик учун тайинланадиган маъмурий жавобгарликни ЭКОИҲнинг 1-3 баробаридан 25-50 кача, бу ҳолат қайта содир этилганда 50-100 бараваргача ошириш назарда тутилган.

Тўринчидан, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, муносиб меҳнат шароитлари яратиш бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа жаҳон ҳамжамияти етакчилари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди, юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.