Мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида Ўзбекистон тажрибаси халқаро майдонда тан олинмоқда

01.03.2022

Жорий йилнинг 1 март куни Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2021 йилда пахта йиғим-терими мавсумида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа орқали ўтказилган мазкур тадбирда мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда 30 дан зиёд халқаро ташкилотларнинг, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банкининг ходимлари ҳамда АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчилари иштирок этди.

Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер тадбирни очар экан, мажбурий меҳнатга қарши курашишда Ўзбекистон сезиларли ютуққа эришганини таъкидлади,  унинг салбий оқибатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Брифингда  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева ўз сўзида мамлакатимизда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга ошрилган ишлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилишга хизмат қилганини таъкидлаб ўтди. 

Қайд этилганидек, мазкур ислоҳотлар доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг маъсулиятини ва очиқлигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи ўринда туради. Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ислоҳотлар йўлини танлади, бу қишлоқ хўжалигида аввалги режали иқтисодий моделни модернизация қилиш, йиллик пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишни ўз ичига олади.

Биз ушбу ислоҳотларни халқимиз ва иқтисодиётимиз фаровонлиги учун амалга оширдик. Пахта етиштириш учун давлат томонидан буюртма бериш тизимини бекор қилиш бошланғич нуқта бўлди”, — деди Танзила Нарбаева. – Биз эришган ютуқларимиз билан тўхтаб қолмадик. Меҳнат ҳуқуқларидан хабардорликни оширишга қаратилган ишлар орқали фикрлаш ва хатти-ҳаракатларни ўзгартириш устида тинимсиз иш олиб бордик. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарликни жорий қилдик. Меҳнат инспекциясини кучайтирдик ва умумий жиҳатларни аниқлаш ва ечим топиш учун фуқаролик жамияти билан мулоқотга киришдик.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар, хусусан соҳага бозор иқтисодиёти тамойилларининг кенг татбиқ этилиши, механизациялаштириш, меҳнат шароитларининг яхшиланиши, иш ҳақининг оширилиши мажбурий меҳнатнинг олдини олишга хизмат қилганлиги, асосийси, кучли сиёсий ирода ва ислоҳотларга комплекс ёндашув, яъни иқтисодий ислоҳотлар қатори ижтимоий масалаларга эътибор қаратилгани Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнатнинг бутунлай бартараф қилинишига хизмат қилганлиги алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, соҳага оид миллий қонунчилик асосларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, биргина 2021 йилнинг ўзида ушбу йўналишда 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва амалиётни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан самарали мувофиқлаштирилиб борилаётганлиги кенг эътироф этилмоқда.

Шунингдек, мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг фаол иштирок этаётганлиги, уларнинг фикрлари ҳамда тавсиялари давлат органлари томонидан доимо инобатга олинаётганлиги ва бу аниқланган муаммоларни тизимли бартараф этишда муҳим ўрин тутаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда ХМТ томонидан 2020 йилда пахта-йиғим терими мавсуми давомида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижалари ҳақида ҳам фикр юритилди.

Халқаро экспертлар, хорижий давлатларнинг элчилари мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида Ўзбекистон тажрибаси халқаро майдонда тан олинаётганини, меҳнат муносабатларида халқаро стандартларнинг қўлланилиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, брифингда мажбурий меҳнатга қарши курашишда халқаро хамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболлари ҳақида фикр юритилди.