Мажбурий меҳнатга карши курашиш ва адолатли ишга ёллаш мавзусида онлайн ўқув-семинарлар ўтказилмоқда

13.09.2021

Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан илгари сурилган Муносиб меҳнат дастури эркин, адолатли ва хавфсиз меҳнат, ишчининг меҳнатини қадрлаш тамойилларига асосланади.

Халқаро нормаларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида бугунги кунгача Халқаро меҳнат ташкилотининг 18 та конвенцияси ва 1 та баённомаси ратификация қилинган, шулардан 8 таси асос солувчи конвенциялардир.

Бугун Халқаро меҳнат ташкилотининг Учинчи томон мониторинг лойиҳаси эсперти О.Липкану ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари марказий аппарати иштирокида “Ўзбекистонда мавсумий ишчиларни адолатли ишга ёллаш” мавзусида Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида видеоконференцалоқа шаклида ўқув-тренинг ташкил этилди.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси раиси томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ, ушбу тренингларни Республикамиз бўйлаб давлат ташкилотлари раҳбарлари, фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарлари, адлия органлари ходимлари, Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари, Касаба уюшмалари федерацияси вакилларини жалб қилган ҳолда ўтказиш белгиланган.

Бу билан пахта йиғим-терими ишларини фақатгина пахта-текстиль кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан жойлардаги жамоат ташкилотлари кўмаги асосида амалга оширилишини таъминлаш, ушбу ишларга маҳаллий ижро ҳокимияти вакилларининг аралашувини олдини олиш назарда тутилган.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди. Ушбу видеоконференцалоқа шаклидаги ўқув машғулотлар вилоятлар бўйлаб ҳам ўз ишини давом эттириши режалаштирилган.