Квангжу шаҳрида “Ўзбекистонликлар учун ижтимоий ҳимоя қилиш маркази”нинг расмий очилиш маросими ўтказилди

23.06.2021

Вазир Нозим Хусанов бошчилигидаги делегация меҳнат миграцияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, Ўзбекистондан Жанубий Кореяга шартнома асосида узоқ муддатли ва мавсумий ишчилар юбориш масалаларини қайта кўриб чиқиш, айни пайтда ушбу мамлакатда меҳнат шартномаси билан ишлаётган ишчиларга яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида Корея Республикасида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида бугун Квангжу шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистонликлар учун ижтимоий ҳимоя қилиш маркази”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Марказнинг айнан Квангжу шаҳрида ташкил этилишига асосий сабаблардан бири сифатида, ушбу ҳудудда 4,6 минг ўзбекистонлик фуқаролар меҳнат фаолиятини олиб бориши билан боғлиқлиги таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон делегацияси аъзолари билан биргаликда мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси консули, Квангжу шаҳар мери, ҲРД Кореа ташкилоти раисининг ўринбосари, Халқаро “Ротари” ташкилотининг раҳбари ва бошқа нуфузли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Унда вазир Нозим Хусанов сўзга чиқиб, ушбу марказни зарур жиҳозлар билан таъминланиши, шунингдек унинг фаолияти учун мутахассис ажратилишини маълум қилди.

Марказда бир вақтнинг ўзида 15 нафар оғир аҳволда қолган меҳнат мигрантлари ва бошпанасиз фуқароларга ёрдам кўрсатиш, шунингдек меҳнат миграцияси ва амалдаги қонунчилик нормалари тўғрисида маълумотлар билан меҳнат мигрантларини таништириб бориш кўзда тутилган.