Кванджу шаҳрида меҳнат масалалари бўйича Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказилди
2019 йил 23 июнь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининиг Кванджу шаҳри (Корея Республикаси)даги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ташкил этилди.
Кореяда истиқомат қилаётган ҳамда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиз билан атрофлича суҳбат қуриш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида учрашувга Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги консули Ҳайдарали Файзиев, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси атташеси Абдуманнон Исанов, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг фахрий маслаҳатчиси, Корея кўникмаларни ривожлантириш институти бош директори Ким Юн Се, Кванджу шаҳар чет эллик ишчиларни қўллаб-қувватлаш маркази директори У Ман Сон ва бошқа 10 га мутасадди ташкилот вакиллари таклиф этилди.
Учрашувда 100 га яқин Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиб, виза тартиби, яқин қариндошларни Кореяга олиб келиш, янги турдаги чет элга чиқиш паспортини олиш, иш берувчилар билан юзага келаётган муаммоли вазиятлар, шу жумладан, иш жойини ўзгартириш сингари долзарб масалаларда суҳбат уюштирилди. Мазкур учрашув Корея Республикасидаги қатор оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилди.
Келгусида бундай учрашувларни бутун Корея бўйича ташкиллаштириш режалаштирилган.