Kun.uz нашрида эълон қилинган “Меҳнат миграциясини қўлга олган коррупция” номли материал юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Kun.uz нашрида эълон қилинган “Меҳнат миграциясини қўлга олган коррупция” номли материал юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ янги ишчи кучи кириб келиши шароитида мамлакатимизда ва хорижда юртдошларимиз бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида дунёнинг ривожланган давлатлари ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан доимий музокаралар ўтказилиб, самарали лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йил 1 май куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Япониянинг “Nippon Educational Academy” ҳамда “Япон тили ва касбий малака тест маркази” нодавлат тижорат ташкилоти қўшма корхонаси ўртасида “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги банд бўлмаган фуқароларни Япония меҳнат бозори талаблари асосида касбга ва япон тилига ўқитиш орқали Япония иш берувчилари танловига тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми” имзоланган эди.
Мазкур меморандумга асосан, вазирлик тизимидаги “Ишга марҳамат” мономарказлари биноларида япон тили ва касбий малака йўналишлари бўйича дарслар ташкил этиш учун таъсисчиси ва раҳбари Дилафруз Икрамова ҳисобланган “Nippon Educational Academy” ва академиянинг таъсисчилигида ташкил этилган “Япон тили ва касбий малака тест маркази”га аудитория ва ўқув жиҳозлари бепул ажратилган. Бугунги кунда академиянинг барча мономарказлардаги ўқув хоналари ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Академия томонидан бир йилда ўртача 2500 нафар фуқарони ўқитиш имконияти мавжуд. Бу борада фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойидан вазирлик тизимидаги касб-ҳунар ўқув марказларида параллел равишда вазирлик томонидан ишлаб чиқилган дастурга асосан япон тили ва касбларга ўқитиш курслари ташкил этилди ва ОАВда мазкур ўқув курслари ҳамда Японияга ишлаш учун кетиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар бериб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу ўқув курсларига 382 нафар фуқаро жалб этилган.
Шу ўринда баъзи рақамлар таҳлилини келтирсак. 2020 йил 12 августдаги 4804-сонли Президент қарорига мувофиқ Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси хисобидан Академияга жорий йил 1 декабрь ҳолатига 1 млрд 265 млн 228 минг сўм маблағ тўлаб берилган.
Академия томонидан йўлланма асосида жами 1053 нафар (2021 йилда 302 нафар ва 2022 йил 9 ойи давомида 751 нафар) фуқаро япон тили ҳамда қишлоқ хўжалиги ишчиси ва қарияларни парваришловчи касбларига ўқитишга жалб қилинган. Шулардан 255 (2021 йилда 185 нафар ва 2022 йилнинг 9 ойи давомида 70 нафар) номзод япон тили ва касбий малака курсларини тамомлаб, уларга Япониянинг Nippon Academy таълим ташкилоти сертификати топширилган.
Бироқ, тингловчиларнинг 196 нафари ўқишни якунлаган, улардан 154 нафари тест имтиҳонларига жалб қилинган ва 52 нафари малака ва тил билиш сертификатларини олган. Бу умумий ўқишга йўналтирилганларнинг атиги 5 фоизини ташкил этади.
Таъкидлаш жоиз, фуқароларнинг танловига кўра “Nippon Educational Academy”га йўлланмалар берилиши бугунги кунда меҳнат органлари томонидан давом этмоқда ва жорий йил октябрь-декабрь ойларида 107 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқарога йўлланма берилган.
Жорий йилнинг 21 июль куни Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилган ва Вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан тўлиқ молиялаштирилган “Япония-Ўзбекистон ўртасида меҳнат муносабатлари ва касбий таълимни ривожлантириш истиқболларига бағишланган 2-меҳнат форуми”да JIC кўмагида Япониянинг 18 та рекрутинг ташкилоти иштирок этди ва улар томонидан Ўзбекистон меҳнат бозори имкониятларини Японияда тарғиб қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Форум доирасида 18 та рекрутинг ташкилотига ОTIT (Япониянидаги техник стажёрларни тайёрлаш тизимидаги ваколатли орган) томонидан тасдиқланган ҳамкорлик шартномаси лойиҳалари кўриб чиқиш учун тақдим этилган ва уларнинг 6 таси билан ҳеч қандай эътирозларсиз келишувлар имзоланган. Қолган 12 таси Вазирлик расмийларининг Японияга кутилаётган ташрифи доирасида имзоланишини билдирган. Бироқ, Японияга ташриф доирасида JIC томонидан келишув шартномаларига янги қўшимчалар киритилиши таъкидланиб, бугунги кунга қадар ушбу шартномалар бўйича таклифлар билдирилмаган.
Шунингдек, JIC билан умумий ҳамкорлик меморандуми имзоланган, икки томонлама учрашувда Япония давлатида вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш марказини 2022 йилнинг сентябрь ойида ташкил этиш бўйича келишувга эришилган. Бироқ, ҳамкор ташкилот томонидан келишувга асосан ушбу марказни Япония тартибига асосан давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан марказни жойлаштириш ва иш фаолиятини юритиш бўйича таклифлар тақдим этилмади.
Ушбу марказ фаолияти долзарблигини инобатга олган ҳолда ҳамда Япониядаги Ўзбекистон элчихонасининг тавсиясига биноан “Нагоя-Ўзбекистон дўстлик жамияти” билан ҳамкорликда “Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантларига кўмаклашиш ва уларнинг ҳуқуларини ҳимоя қилиш маркази” ташкил этилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йил август ойида вазирлик ишчи гуруҳи Японияда қатор йирик иш берувчи корхоналар билан музокаралар ўтказиб, 20 га яқин шартномалар имзоланди. Ушбу шартномалар асосида йилига ўртача 5000 нафар фуқарони япон тили ва Япония меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш тизимини ташкил қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга, JICA ташкилоти билан ҳамкорликда вазирлик тизимидаги таълим муассаларига Япон мутахассисларини кўнгилли сифатида жалб қилиш чоралари кўрилди.
Рақобатни ривожлантириш, монополияни олдини олиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги япон тилини ўқитиш учун мавжуд талабларга жавоб бера олган ҳар қандай тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Интервьюда эътироз билдирилган “Йўл харита”даги “техник камчиликларда” вазирлик томонидан қуйидаги механизмлар белгилаб берилган:
- Япон тили бўйича билимни баҳолаш бўйича тегишли ҳамкор ташкилотлар (Прометрик) билан шартнома имзолаш.
- Тил билимини баҳолаш бўйича ихтисослашган марказ тизимини ташкил этиш.
- Битирувчиларни япон стандартлари асосида тест синовларидан ўтказиш учун “Прометрик” ташкилотига керакли шарт-шароитларни яратиб бериш. Бу тест синовларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизими мутлақ иштирок этмайди.
Таъкидлаш жоизки, Япониянинг халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA) ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2018 йилдан буён ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Жорий йилнинг декабрь ойида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва JICA ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, интервьюда тилга олинган фуқароларни Корея давлатига ишга жўнатиш тизими ҳақида. Корея Республикасига ишга кетиш истагидаги фуқаролар, Кореянинг HRD (Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати) томонидан ташкил этиладиган тест синовларидан, муваффақиятли ўтгандан сўнг, уларнинг маълумотлари SPAS тизимига жойлаштирилади ва 2 йил давомида иш берувчилар ўзлари хоҳлаган номзодни мустақил танлаб олади. Мазкур жараёнга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизими мутахассислари мутлақо аралаша олмайди, бу борада ОАВ орқали доимий равишда тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Ушбу масалада барча саволлар юзасидан вазирлик мутасаддилари қўшимча тушунтириш ва изоҳ беришга тайёрлиги маълум қилинади.