КУНЛИК ИШЧИЛАР МАРКАЗИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТГА ЭГАМИСИЗ?

13.03.2020

Жорий йилнинг февраль ойида Яшнобод ҳамда Юнусобод туманларида кунлик ишлар билан банд бўлган ишчиларга қулайлик яратиш мақсадида "Кунлик ишчилар маркази" фойдаланишга топширилган эди.

Марказ қандай имкониятларга эга?

Марказ иситиш-совутиш тизими билан таъминланган. Шунингдек, арзонлаштирилган овқатланиш шохобчаси, ишчилар учун зарур асбоб-ускуналарни ижарага бериш тизими, хоҳловчиларга бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун китоблар, шахмат-шашка, меҳнат муҳофазаси ҳақида тушунча берувчи кўргазмали қуроллар мавжуд.

Бундан ташқари, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда марказда вақтинчалик иш билан таъминлашда АУТСОРСИНГ ва АУТСТАФФИНГ хизматлари йўлга қўйилган.

Марказнинг ишга туширилиши орқали иш изловчиларни рўйхатга олишда эскича ёндашувга барҳам берилди, бўш иш ўринлари билан танишиш имконияти яратилди, иш берувчи ва иш изловчилар ўртасида мулоқот қилиш учун майдон юзага келди, шунингдек рўйхатдан ўтган иш изловчиларнинг зарурий иш қуроллари билан боғлиқ муаммолари барҳам топиб, меҳнат муҳофазасининг кафолатланишига эришилди.

Ҳозирда марказларда аёлларни касбга ўқитиш курсларини ташкил этиш назоратга олинган. Шу орқали хотин-қизлар ўз ҳудудида мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилади.
Марказда хизматлар бепул.