Красноярск ўлкаси Ҳукумати билан бандлик ва меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорлик янада кучайтирилади

24.09.2019

2019 йил 24 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Россия Федерациясининг Красноярск ўлкаси делегатлари билан бандлик ва меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорлик бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда делегация раҳбари, Красноярск ўлкаси Ҳукумати раиси ўринбосари Сергей Верещагин, Красноярск ўлкаси Меҳнат ва аҳоли бандлиги агентлиги бошлиғи Виктор Новиков, Агентлик бўлим бошлиғи Людмила Шишкина, РФ Меҳнат ва бандлик федерал хизмати бошқарма бошлиғи Дмитрий Францев ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.

Учрашувдан кўзланган мақсад 2017 йил 5 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинчалик меҳнат қилишга уюшган ҳолда жалб этиш бўйича имзоланган келишув доирасида Красноярск ўлкаси билан бандлик ва меҳнат миграцияси соҳаларида ўзаро истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдир.

Хусусан, учрашув давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Красноярск ўлкаси ҳукумати ўртасида бандлик ва меҳнат миграцияси соҳалари бўйича ҳамкорлик келишувини имзолаш, Ўзбекистон ва Красноярск ҳудудларида ўзаро меҳнат форумини ўтказиш, Красноярск ўлкасидаги органлар ва ташкилотларнинг Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома (патент) расмийлаштирадиган ва тақдим этадиган филиалларини Ўзбекистонда ташкил қилишга келишилди.

Шунингдек, Красноярск ўлкасида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, Красноярск ўлкасининг меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжлари бўйича маълумот алмашиш сингари долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Красноярск ўлкаси делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан меҳнат соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” лойиҳаси тақдим этилди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация вакиллари Вазирлик тасарруфидаги “Ишга марҳамат” банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш мономаркази” МЧЖга ташриф буюриб, у ерда хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар ва шароитлар билан танишди.

6666 (1)

6 (4)

666 (1)

666666

6666666

66666