КОРРУПСИЯ - ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ

21.09.2021

Хўш, коррупция нима? Этимологик жиҳатдан “Коррупция” атамаси бузиш пора эвазига оғдириш деган маънони англатадиган лотинча “corruption” сўзидан келиб чиққан.

Қонунларимизда бу атама шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ва номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши сифатида таъриф берилган. Демак, ўз-ўзидан аёнки, давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суисътемол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши давлат ҳокимиятининг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликларга сабаб бўлади.

Шу туфайли тадқиқотчилар коррупсиянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар:

Биринчиси, иқтисодий сабаблар. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий-иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган, ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган шароитда ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг тенг назоратдан ҳоли, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки таъқиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади.

Иккинчиси, ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.

Учинчиси, институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан ҳолилиги киради.

Тўртинчиси, ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлигидир.

Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади. Коррупсиянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз зарур.

Шаҳноза Ҳошимова

Нурота туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходими