Корея Республикасига ишга кетиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан

29.12.2022

Корея Республикасига ишга кетиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан

Баъзи ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг Корея Республикасига ишга кетиши билан боғлиқ жараёнлар тўғрисида турли хабарлар тарқалмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистондан фуқаролар Корея Республикасига ишчи кучи жўнатувчи барча давлатлар билан ҳамкорлик бўйича бир хил тизим асосида ишга жалб этилади. Бу борада икки давлат ўртасидаги келишувга асосан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ягона ваколатли ташкилот ҳисобланади.

Ушбу давлатга ишга кетиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳонларнинг барча босқичлари Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вакиллари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодлар иш берувчилар томонидан мустақил танлаб олинади ва бу жараёнларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари иштирок этмайди.

Номзодларнинг Корея Республикасига ишга кетиши билан боғлиқ барча тўловлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимларига эмас, банк махсус кассаларида амалга оширилади.

Хусусан, тиббий кўрик Ўзбекистон дерматовенерология ва косметология маркази томонидан амалга оширилади ва харажатлари ушбу марказга, ишчи визаси харажатлари Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонасига, авиачипта харажатлари эса авиакассаларга тўланади.

Фуқароларнинг ушбу давлатга ташкиллаштирилган ҳолда кириб бориши учун қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир жўнаб кетувчи гуруҳга юқоридаги хизматлардан бир вақтда ва бир жойда фойдаланиш тавсия қилинади.

Шунингдек, фуқаролар Тошкент шаҳрига етиб келгач, меҳмонхонада бир кун яшайди. Ушбу жойда Корея Республикасида ишлаш тартиби, хусусан, миграция қонунчилигига риоя қилиш, меҳнат шартномасини бузмаслик каби тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилади. Меҳмонхонадан автобусларда аэропортга етказилади. Ушбу меҳмонхонанинг 2 маҳал овқати билан 1 кунлик харажати бугунги кунда 350 минг сўмни ташкил этади.

Корея Республикасининг ваколатли ташкилотлари ва иш берувчилари ишончини қозониш, ушбу давлат ҳудудида бўлиб турган юртдошларимиз томонидан меҳнат шартномаси, миграция қонунчилигига риоя қилинишини таъминлаш, шу орқали ушбу давлатга ишлаш учун борувчи фуқаролар сонини ошириш борасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги доимий чораларни кўрмоқда.

Фуқаролар Корея Республикасига ишга кетиш билан боғлиқ муаммо ёки саволлар юзага келганда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилиши мумкин.