Корея Республикасида ишлаш учун ўтказилган саралаш тест имтиҳонлари натижаси маълум бўлди

16.07.2019

Корея Республикасида ишга жойлашиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун EPS-TOPIC имтиҳонларини ташкил этиш босқичларига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг test.mehnat.uz порталида кўрсатилган миллий реестрдаги динамик рўйхатга номзодларни қўшиш жорий йилнинг 15 июль куни тўхтатилди.

Мазкур динамик рўйхатга 15 июль ҳолатига кўра корейс тилини билиш бўйича малакаси тасдиқланган жами 4456 нафар номзод киритилган. Ушбу номзодлар аккредитацияга эга Билимни баҳолаш марказлари томонидан тақдим этилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг назорат тартибидаги саралаш тест синовларидан ўтган шахслар ҳисобланади.

Бироз аввал номзодлар билимини баҳолашда йўл қўйган адолатсизлиги сабаб Самарқанддаги Билимни баҳолаш марказларидан бирининг аккредитацияси бекор қилиниб, марказ томонидан берилган барча – 483 нафар номзод динамик рўйхатдан чиқарилган эди.

Бироқ динамик рўйхатдан чиқарилган номзодларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чекламаслиқ ҳамда одилликни таъминлаш мақсадида 14 июль улар учун саралаш тест имтиҳонларини қайта топшириш имкони берилди. Тест синовларида динамик рўйхатдан чиқарилган номзодлардан ташқари биринчи марта рўйхатдан ўтаётган шахслар – умумий 761 нафар шахс иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, динамик рўйхатга киритилган номзодлар орасида энг кўп балл тўплаган 2500 нафар шахс EPS-TOPIC имтиҳонларини топширади.