Каттақўрғон шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази очилди
Самарқанд вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси тасарруфида яна бир касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мазкур марказда фуқароларни 30 та касб ва чет тилларга ўқитиш орқали мутахассислар тайёрланади. Жумладан, мономарказда ишсиз фуқаролар 16 та хизмат кўрсатиш, 8 та техник, 4 та қишлоқ хўжалиги ва 2 та рақамли технология йўналиши, шунингдек 4 та хорижий тиллар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилади.
Марказ бир вақтнинг ўзида 500 нафар ўқувчини қамраб олади. Йиллик қуввати 2000 нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, касбларнинг мураккаблик даражаси асосида ишлаб чиқиладиган ўқув дастурларига мувофиқ ўқитиш даври 2 ойдан 6 ойгача бўлади.
Битирувчиларга эгаллаган билимлари учун меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилган сертификат берилади.