Касбий стандартлар жамоатчилик муҳокамасида иштирок этинг!

18.03.2024

Касбий стандартлар — кадрларни баҳолаш, аттестациядан ўтказиш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун асос сифатида ишлаб чиқилиб, фойдаланувчиларнинг кенг доирасига мўлжалланган.
Жумладан:
— ходимларга — тармоқда касбга қўйилган талабларни тушуниш, ўз малакаларини оширишни режалаштириш ва хизматда ўсиш;
— иш берувчиларга — ходимларга нисбатан қўлланиладиган талаблар, йўриқномалар ва мажбуриятларни ишлаб чиқиш, ходимларни ёллаш ва аттестациядан ўтказиш, шунингдек кадрларнинг малакасини ошириш, ривожлантириш, ўсиши ва ротациялаш дастурларини тузишда;
— таълим тизими вакилларига — дастурлар ва модулларни ишлаб чиқиш учун;
— малакани тасдиқлаш ва сертификатлаш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларга — ходимларни сертификатлаш учун баҳолаш материалларини ва мослик даражалари бўйича ходимларнинг малака мезонларини ишлаб чиқишда;
— давлат органларига — касб стандартларидан меҳнат бозори ва унинг иштирокчиларини баҳолаш, мониторингини юритиш ва прогнозлаш мезонлари сифатида фойдаланилади.
Касбий стандартлар регистри Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг “profstandart.mehnat.uz” ягона очиқ порталида юритилади.
Ушбу порталда:
— касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари томонидан касбий стандартлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун жойлаштирилади;
— касбий стандартлар лойиҳалари жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасидан ўтказилади;
— касбий стандартларнинг регистри ва улар матнларининг амалдаги таҳрирлари билан эркин танишиш имконияти мавжуд;
— иш берувчилар ва мутахассислар томонидан касбий стандартларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ташаббус кўрсатиш мумкин;
— “очиқ майдонча” тамойили асосида ва реал вақт режимида янги касб стандартларини ишлаб чиқиш ва амалдагиларини такомиллаштириш ишлари амалга оширилади.
Мазкур регистрда ҳозирги кунда жами 2262 та касбий стандартлар мавжуд бўлиб, шундан 6 та лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси давом эттирилмоқда.
Ушбу муҳокамада барча фуқаролар иштирок этиши мумкин.
Азиз фуқаро, муҳокамага қуйидаги ҳавола орқали https://profstandart.mehnat.uz/uz/documents ўтиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни изоҳларда ёзиб қолдиришингиз мумкин.
Унутманг, сизнинг фикрингиз биз учун муҳим!