Карантин даврида таътил олиш тартиби ҳамда ишлаш усуллари ҳақида

17.06.2020

Бутун инсоният саломатлигига хавф солган пандемия сабаб дунё давлатлари, хусусан, юртимизда ҳам инфекция тарқалишининг олдини олиш учун карантин тадбирлари жорий қилинди. Шу сабаб кўпгина корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолияти тўхтатилди ёки иш ҳажмлари камайтирилиб, ташкилот ходимларига йиллик меҳнат таътили, иш ҳақи сақланмаган таътил берилди, айрим ходимлар масофавий ишлашга ёки қисқартирилган иш вақти режимига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармонининг 18-бандида:

мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларнинг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналарига (улар ўрнини босувчи шахсларга, васийларга, ҳомийларга) йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этилиши;

карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса, ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкинлиги белгиланди.

Мазкур Фармон ижроси бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Адлия вазирлигидан 2020 йил 28 мартда 3227-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги низом ҳамда Адлия вазирлигидан 2020 йил 28 мартда 3228-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Меҳнат кодексининг 150-моддаси биринчи қисмига кўра иш ҳақи сақланмаган таътил ходимнинг аризасига асосан берилади ва ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

“Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги низомнинг 9-бандига асосан иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб тўлиқ муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил беришга мажбур. Ушбу меҳнат таътилига Меҳнат кодексининг 150-моддаси биринчи қисмида белгиланган максимал муддат бўйича чекловлар карантин даврида татбиқ қилинмайди.

Карантин даврида фуқаролар томонидан 7 ярим мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди, шундан 1022 таси айнан таътиллари берилишида қонунчилик талабларига риоя этилмаганлигидан норози бўлишган ёки тегишли маслаҳатлар сўралган.

Ушбу мурожаатларни ўрганиш вақтида ходимларга йиллик меҳнат таътиллари ёки иш ҳақи сақланмаган таътиллар беришда қонунчилик талабларига риоя этмасдан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар ҳам кузатилди.

Фуқароларнинг мурожаатларни ўрганиш давомида 3174 та ариза қаноатлантирилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 4038 та мурожаат бўйича тегишли маслаҳатлар берилди. Аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш бўйича 932 та ёзма кўрсатмалар ва 76 та тақдимномалар киритилди ҳамда 135 нафар айбдор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.

Мурожаатларни қисқа муддатда ўрганиш учун вазирлик тизимида “Мурожаатларни масофавий усулда ўрганиш” тартиби ишлаб чиқилиб, уларнинг аксарият қисми масофавий усулда ўрганилди.

Бундан ташқари, карантин даврида тарғибот тадбирлари кучайтирилди, айниқса, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиботни амалга оширишга ҳамда онлайн тарзда семинарлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, карантин даврида жами 2 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган, шундан 198 та оммавий ахборот воситалари орқали, 282 та ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган ва жойларда мингдан ортиқ семинар ва брифинглар ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, агар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса ёки мажбурий меҳнатга йўл қўйилиши ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “1176” қисқа рақамли ишонч телефони, ижтимоий тармоқдаги “dmi.mehnat.uz” сайти ҳамда “mehnathuquqbot” телеграм боти орқали хабар беришингиз мумкин. Ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади ва натижаси ҳақида маълумот берилади. Мурожаатчининг хоҳишига кўра шахси сир сақланиши кафолатланади.