Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг “Пахта йиғим-терими даврида меҳнат шароитлари яратилиши ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш” мавзусидаги БРИФИНГИ

11.10.2023

 

Жорий йил пахта мавсумидан олдин меҳнат шароитларини яратиш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш юзасидан ахборот компаниясини ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Юртимизнинг барча ҳудудларидаги аҳоли гавжум жойларда мавзуга доир пешлавҳалар ўрнатилди ҳамда кенг тарғибот ишлари амалга оширилди.
Фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерларининг вакиллари учун республиканинг барча ҳудудларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш мавзусида ўқув семинарлар ўтказилди.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 4 минг 960 та семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Мазкур тадбирларда 314 мингдан ортиқ фуқаролар қатнашди.
Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича Уч томонлама комиссия томонидан «2023 йилда пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича Тавсиялар» тасдиқланди.
Низомда “Намунавий шартнома”, терим отрядларини ташкил қилиш бўйича ҳужжат шакли илова қилинди.
Мавсум давомида фуқаролар томонидан келиб тушадиган мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ҳамда мажбурий меҳнатни бартараф этиш мақсадида Бандлик вазирлигининг “1176” қисқа рақамли Ишонч телефони узлуксиз ишлаши йўлга қўйилган.
Шунингдек, “Munosibmehnat.uz” телеграм бот мессенджери орқали фуқароларнинг меҳнат масалаларига оид мурожаатлари қабул қилинмоқда.
Жорий йилги пахта мониторингига республика бўйлаб 350 дан ортиқ меҳнат инспекторларининг барчаси мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда меҳнат шароитларининг яратилиши юзасидан мониторинг олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳлар томонидан республика бўйича 644 та ташкилот, фермер ҳўжаликлари ҳамда пахта далаларида мониторинг ўтказилди.
Бугунги кунга қадар вазирликнинг ишонч телефонлари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 225 та (call марказ орқали - 172 та, ижтимоий тармоқлар орқали 18 та, телеграм бот орқали 18 та) мурожаат келиб тушди. Шундан:
4 таси мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги;
11 таси муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги;
13 таси терим пуллари ўз вақтида берилмаётганлиги;
4 таси меҳнат шартномаси мавжуд эмаслиги;
177 таси 1 кг териладиган пахтанинг нархи тўғрисидаги мурожаатлардир.
Ҳудудларда ташкил этилган Ишчи гуруҳлар томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан ўрганишлар ўтказилиб, шулардан, 17 та мурожаат қаноатлантирилди, 189 та мурожаат бўйича теримчилар ва фермер хўжаликларига тушунтириш берилди, 15 та мурожаатдаги важлар ўз тасдиғини топмади.
Ишчи гуруҳлар томонидан келиб тушган 17 та мурожаатлар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, таъсир чораси сифатида 12 та фермер хўжаликларига Ёзма кўрсатма, 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома ва 1 та мурожаатда аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Пахта мавсумида муносиб меҳнат шароитлари яратилиши ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ишлари давом этади.

Қадрли юртдошлар!
Пахта йиғим-терими мавсумида меҳнат ҳуқуқларингиз бузилиши содир бўлса ёки шу каби ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамли “Ишонч телефони” ҳамда “Munosibmehnat.uz” телеграмм ботига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади.
Зеро, муносиб меҳнат кафолати – меҳнаткаш халқимизнинг саодатидир!