Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаевнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан БАЙРАМ ТАБРИГИ

07.03.2023

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаевнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан
БАЙРАМ ТАБРИГИ

Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар! Қадрли ҳамкасабалар!

 

Барчангизни баҳор нафаси кезиб юрган ушбу шукуҳли кунларда нишонланаётган ўзингиз каби гўзал байрамингиз  8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан вазирлик жамоаси номидан самимий муборакбод этаман!

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигини таъминлаб келган.

Дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлаб яратилган ва бунёд этилган.

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки, Сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва сермазмун, хонадонларимиз, ишхона-идораларимиз обод ва нурафшондир.

Хотин-қизларимиз Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида муҳим ўрин ва мавқега эга.

Аёлларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-иқтисодий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Янгидан кенг миқёсда фаолият бошлаган вазирлигимиз ва тизимларида жонбозлик кўрсатаётган хотин-қизларимиз, муҳтарама опа-сингилларимизни ҳам қадрини ва қаддини баланд тутиши, муносиб хизмат шароитларида фаолият юритиши учун имконият яратамиз, ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз!

Бир сўз билан айтганда, хонадонимизнинг файзи ва фариштаси бўлган мунис ва мўтабар Аёлларимиз – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.

 

Ҳурматли опа-сингиллар!

Яна бир бор, барчангизни баҳор ва гўзаллик байрами билан қутлаб, хонадонингизга файзу барака, шоду хуррамлик, тотувлик тилайман!

Гулдек чеҳрангизда доимо қуёш кулиб турсин!

Ҳамиша баҳор каби гўзал ва малоҳатли бўлиб юринг!