Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Михаил Пушкин билан учрашди.

22.02.2024

Даставвал, вазир Беҳзод Мусаев “Ижтимоий адолат учун глобал коалиция” ташаббусида мамлакатнинг иштироки ҳар тарафлама манфаатли эканлигини қайд этиб, ушбу ноёб платформа меҳнат ҳуқуқлари таъсирчанлигини ошириш, эркин танланган бандликни рағбатлантириш, меҳнат соҳасидаги ҳалол рақобатни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.

Учрашувда меҳнат бозоридаги муаммоларни ҳал қилишда янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, шу жумладан ишсизликни қайд этиш усулларини яхшилаш ва банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ривожланган давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун минтақавий "яшил иш ўринлари" дастури лойиҳасини амалга ошириш, Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг бандликка таъсирини моделлаштириш бўйича ўқув марказини ташкил этиш таклифлари ўрганилди.



ХМТ билан ҳамкорликда Давлат меҳнат инспекцияси фаолиятини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда ва бунинг натижасида миллий стандартлар халқаро меҳнат стандартларига мослаштирилади.

Учрашув якунида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган лойиҳалар юзасидан жадал музокаралар олиб борилиб, амалий ишларни бошлашга келишилди.