Ўзбекистон пахтасига нисбатан эълон қилинган бойкотни бекор қилиш тўғрисида ҚЎШМА БАЁНОТ

11.03.2022

2022 йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Ўзбекистон пахтачилик секторида меҳнат шароитлари муҳокасига бағишланган қўшма пресс-брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар: Cоттон Cампаигн халқаро коалицияси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, шунингдек, халқаро брендлар ва фуқаролик жамияти вакиллари.

Пресс-брифинг иштирокчилари “Cоттон Cампаигн” делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида, ўзаро ҳурмат ва конструктивизм муҳитида ўтган музокаралар ва маслаҳатлашувлар якунлари бўйича қуйидагиларни таъкидлайдилар:

2017 йилдан бери 331 та халқаро бренд ва ритейлерлар компаниялирини ўз ичига олган “Cоттон Cампаигн” халқаро нодавлат ташкилоти (халқаро коалиция) пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлиги сабабли Ўзбекистон пахта маҳсулотларига нисбатан бойкот эълон қилган.
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Ҳукумати коалиция аъзолари билан “пахта бойкотини” бекор қилиш мақсадида прогрессив мулоқот олиб бормоқда. Шундай қилиб, 2019 йил июн ойида ўтказилган қатор учрашув ва музокаралар якунлари бўйича коалиция Ўзбекистон Ҳукуматига пахта саноатида мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли қарашларни акс эттирувчи “Ислоҳотлар бўйича йўл харитаси”ни тақдим этди.
Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашда тарихий чоралар амалга оширилди: Ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди ва пахта етиштириш учун квоталар белгилаш тартиби бекор қилинди, ХМТ ва Жаҳон банки тавсияларига мувофиқ теримчиларнинг иш ҳақи сезиларли даражада оширилди ва бу кўнгиллилар сонини сезиларли даражада оширди.
Беш йил ичида мамлакатда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилди. “Cоттон Cампаигн” коалициясининг етакчи ҳамкори бўлган “Инсон ҳуқуқлари бўйиша Ўзбек форуми” томонидан 2009-йилдан бошлаб мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш бўйича амалга оширилиб келинаётган мустақил мониторингни ўтказиш амалиётида биринчи марта 2021-йилги пахта терими мавсумида тизимли мажбурий меҳнат мавжуд эмаслиги тасдиқлади.
Ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тизимли мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш борасида эришилган ютуқларни ҳисобга олган ҳолда, “Cоттон Cампаигн” халқаро коалицияси Ўзбекистон пахтаси нисбатан бойкотни бекор қилинганини эълон қилади.

Коалиция аъзолари ушбу тарихий ютуқ Ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро брендларнинг биргаликдаги кўп йиллик фаолияти ҳамда Ўзбекистон Ҳукуматининг мажбурий меҳнатга барҳам беришга қаратилган қатъияти натижасида эришилганини таъкидлайдилар.

Коалиция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва Ўзбекистон пахта секторини ислоҳ қилиш учун зарур бўлган тарихий ислоҳотларни ташаббускорлиги ва уларни амалга оширишдаги ролини юқори баҳолайдилар.

Шу билан бирга, Томонлар фуқаролик жамияти ролини кучайтиришга ва меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича мустақил мониторингни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган келгусидаги чораларни кўриш зарурлигини эътироф этган ҳолда, таъминот занжирида шаффофликни ва эркин кузатувни таъминлашга қаратилган фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирадилар.