Инсон ресурслари соҳасидаги ҳамкорлик доирасида биринчи ўзбек-япон форуми бўлиб ўтади

10.05.2019

Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 15 февралда тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Япониянинг ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича халқаро ташкилоти (JITCO) томонидан 2019 йил 14 май соат 13:00 да Япониянинг Токио шаҳрида инсон ресурслари соҳасида ҳамкорлик бўйича илк ўзбек-япон форуми ўтказилмоқда.

Форумдан кўзланган мақсад – инсон ресурслари соҳасида, шу жумладан, меҳнат миграцияси ва мигрантларни касбий ўқитиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун ишчи платформани яратиш, япониялик иш берувчиларни Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат имкониятлари билан таништириш ҳисобланади.

Бугунги кунда Японияда инсон ресурслари танқис бўлгани боис, Япония ҳукумати хориж фуқаролари учун меҳнат бозорини либераллаштириш бўйича қарор қабул қилди. Шунга кўра яқин 5 йил ичида 9 та мамлакатдан (Вьетнам, Хитой, Филиппин, Мьянма, Камбоджа, Индонезия, Монголия, Таиланд, Непал) 350 минг нафар ишчини Япония меҳнат бозорига киритиш режалаштирилган. Узоқ йиллик ҳамкорлик алоқаларни ҳисобга олган ҳолда Япония Ўзбекистонни 10-давлат сифатида ана шу мамлакатлар қаторига киритишни кўриб чиқмоқда. Бу орқали 7000 нафар Ўзбекистон фуқаросини Японияда ишга жойлаштириш имкони пайдо бўлади. Биринчи ўзбек-япон форуми доирасида мана шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Форумда Ўзбекистондан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, вазирлик матбуот хизмати бошлиғи Дилафруз Икромова, ташқи меҳнат миграцияси ва меҳнат мигрантларини реинтеграциялаш дастури бошқармаси бошлиғи Р.Атабаев, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшан Шораимов, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Г.Фозилов қатнашади.

Форумда япониялик иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси хусусий бандлик агентликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этади.

Шунингдек, Японияга ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Япониянинг ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича халқаро ташкилоти (JITCO) ўртасида техник стажировка соҳасида маълумот алмашиш ва Япония ҳудудида Ўзбекисон фуқароларини ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик Меморандумини имзолаш, “APA Group” компанияси вакиллари билан Ўзбекистон фуқароларини касбга тайёрлаш ва келгусида ишга жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бориш режалаштирилган.

2 (6)