ИНДОНЕЗИЯ ВАЗИРИ ЮРТИМИЗДАГИ ИСЛОҲОТЛАРГА КАТТА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРДИ

12.10.2023

 

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева Индонезия Республикаси Маъмурий ва бюрократик ислоҳотлар вазири Абдулла Азвар Анас билан учрашди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини яна-да мустаҳкамлаш, хусусан, камбағалликни қисқартириш, маҳалла институтини ривожлантириш борасидаги истиқболли лойиҳалар  муҳокама қилинди. 

Меҳмонлар мамлакатимизда маҳалла институтини ривожлантириш, маҳаллабай ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар – маҳаллалардаги "бешлик"нинг фаолияти, азим пойтахтимизнинг бугунги қиёфаси, аҳоли фаровонлиги йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди.

Маълумот учун айтиш жоизки, бугунги кунда Индонезияда 270 млн.дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ушбу мамлакатда ҳам бугунги кунда камбағалликни қисқартириш борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда аҳолининг камбағаллик даражаси 12 фоиздан 9,6 фоизга тушган.   

Меҳмонлар миллий қадриятларимиз, маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг турмуш-ҳаёти билан кенгроқ танишиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги қадимий “Сархумдон” маҳалласида бўлди.