Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Судба врача в Узбекистане” сарлавҳали maqola юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказди.

17.04.2023

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Судба врача в Узбекистане” сарлавҳали maqola юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказди.
Мақолада кўрсатилган жараён жорий йилнинг 13-апрел санасида тиббиёт муассасаси ҳудудида бўлган. Бунда шифохона биносининг кириш эшиги ойналари аёллар томонидан тозаланаётгани акс этган.
Мазкур ҳолат бўйича шифохона бош шифокори ва ходимларидан тушунтириш хатлари олинган.
Бунда муассасанинг кичик тиббий ходимлари (санитарка) томонидан ҳар куни тозалаш ишлари олиб борилиши, ушбу ишлар тўғридан-тўғри кичик тиббий ходимларнинг фунционал вазифасига кириши кўрсатилган. Шунингдек, тушунтириш хатларида ходимларни ўз хизмат вазифаларидан бошқа ишларни ҳамда иш вақтидан ташқари юмушларни бажаришга топшириқ ва буйруқлар қабул қилинмагани акс этган.
Ходимнинг меҳнат вазифалари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 176-моддасига мувофиқ ички тартиб қоидаларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал ҳужжатларда (жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда), меҳнат шартномасида аниқ белгиланади.
Тасдиқланган хизмат вазифаларида шифохонада тозалаш ишлари айнан кичик тиббий ходимининг фунционал вазифасига кириши кўрсатилган.
Бундан ташқари, Санитария қоидалари ва меъёрларининг 3-иловаси билан тасдиқланган талабларда ҳам кичик тиббий ходимлари томонидан бириктирилган бино ичи ва ташқи деворлари, ойналари, поллари, кафеллари ҳамда плинтусларини тозалаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Ҳурматли иш берувчилар шу ўринда яна бир бор эслатамиз!
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланади.
‼️Азиз юртдошлар,
Агар Сиз мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз Бандлик вазирлигининг Давлат мехнат инспекциясига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Биз ҳар қандай тураги мажбурий меҳнатга қаршимиз ва ҳар қандай холатни ўрганиб чиқишга тайёрмиз.
Барча маълумот ва мурожаатлар белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳамда зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.