Ижтимоий тармоқларда “11 ойлик шартнома тузилганига қарамай, бизни ишдан, бўшатишмоқчи” сарлавҳаси билан тарқалган хабар юзасидан

02.08.2022

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги ПҚ-5020-сон қарорида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни самарали юритиш, ишсиз фуқароларга бандлик соҳасида тизимли ёрдам кўрсатиш ҳамда “маҳаллабай” тизим асосида ишларни ташкил қилиш мақсадида ҳар бир маҳаллада меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи”ларни жалб этиш вазифаси белгиланган эди.

2021–2022 йилларда аҳоли бандлигига кўмаклашиш, уларнинг бандлик ҳолатини ўрганиш, давлат мақсадли жамғармаларидан ажратилаётган субсидияларни мақсадли ишлатишини мониторинг қилиш каби ишларда маҳаллалардаги меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи”лар кенг жалб этилди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги ПҚ-31-сон қарори билан ҳар бир маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилди.

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларнинг асосий вазифаси маҳалладаги ишсиз аҳолини бандлигига кўмаклашиш, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашиш, биринчи навбатда ишсиз ёшлар ва аёлларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Бугунги кунга келиб, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи”ларнинг маҳалладаги фаолияти бир-бирини такрорламоқда.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағларини мақсадли ва самарали таъминлаш мақадида, шартнома муддати тугаган меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи”лар билан қайта (янги) шартнома тузиш ишлари тўхтатилди.

Туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан шартнома муддати тугаган меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи”ларга бўш (вакант) ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бошқа йўналишларидаги иш ўринлари таклиф қилинмоқда.

Бугунги кунда, вазирликнинг Миллий вакансиялар базасида 257 мингдан ортиқ бўш (вакант) иш ўринлари мавжуд бўлиб, улардан 126,0 мингдан ортиғи олий маълумотлилар учун, 106,0 мингдан ортиғи ўрта махсус маълумотлилар учун ҳамда 24,2 мингтаси маълумот талаб этилмайдиган бўш иш ўринларига тўғри келмоқда.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, меҳнат шартномаси муддати тугаган ҳар бир фуқарони тўлиқ бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.